
Ҳавони ифлослантираётган қурилиш ташкилотлари фаолияти тўхтатилиши мумкин — Экология қўмитаси
Экология қўмитаси қурилиш майдонларида чанг тарқалишига қарши талаблар бажарилмаса, компанияларга жарима ёки фаолиятини тўхтатиш чоралари қўлланишини билдирди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қурилиш майдонларида ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича белгиланган қоидаларга сўзсиз риоя қилиш зарурлигини расман эслатди.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ барча қурилиш ташкилотлари қуйидаги талабларни бажаришга мажбур:
— қурилиш жараёнида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик;
— қурилиш майдонига кириб-чиқиш йўлакларида осма ёмғирлаткич ва сув пуркагичлар ўрнатиш;
— автотранспорт воситалари ғилдиракларини мажбурий тарзда ювиш учун махсус ювиш шохобчасини ташкил этиш;
— чанг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қурилиш майдонини тўсиқлар, ҳимоя қопламалари ва махсус материаллар билан жиҳозлаш.
Қўмитага кўра, қурилиш компаниялари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид талабларни бузган тақдирда, уларга маъмурий жарима, фаолиятни 10 иш кунигача тўхтатиш, ҳатто ташкилотни тугатишгача бўлган чоралар кўрилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров Ҳукумат табиатга буйруқ бера олмаслигини айтгани ҳақида хабар бергандик.





