add

Илҳом Алиев: «Ўзбекистон ва Озарбойжон қардош мамлакатлар, ишончли иттифоқчилардир»

Бугун 22:3521510

Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги интервю ташкил қилди.

Илҳом Алиев: «Ўзбекистон ва Озарбойжон қардош мамлакатлар, ишончли иттифоқчилардир»

— Ҳурматли жаноб Президент, яқин кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида иштирок этишингиз кутиляпти. Ушбу формат ҳақида қандай фикрдасиз? Озарбойжоннинг минтақа давлатлари билан алоқалари қай тусда ривожланмоқда ва ҳамкорликнинг бугунги даражаси Сизни қониқтирадими?

— Аввало, таъкидламоқчиманки, бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида учинчи бор иштирок этишим. Мен қатнашган биринчи шундай тадбир 2023 йил Душанбеда, иккинчиси 2024 йил Остонада бўлиб ўтган. Навбатдаги мулоқотга Тошкент мезбонлик қилади. Барча ҳамкасбларим, айниқса Ўзбекистон Президенти, биродарим Шавкат Мирзиёевга таклиф ҳамда Озарбойжоннинг ушбу муҳим тадбирда иштирокини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман.

Озарбойжон ва Марказий Осиё мамлакатлари стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган умумий тарихий-маданий, географик ва геосиёсий маконни барпо этмоқда. Бир қарашда Озарбойжонни Марказий Осиё давлатларидан ажратиб турган Каспий денгизи, аслида, давлатларимизни жипслаштирувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугун ушбу денгиз шунчаки географик тушунча эмас, балки, стратегик бирлик, иқтисодий салоҳият ва халқларимизнинг тарихий ҳамкорлиги рамзидир.

Мамлакатларимизни нафақат географик яқинлик, балки тарихий-маданий алоқалар, муштарак диний ва маънавий қадриятлар, урф-одатлар бирлаштириб туради.

Озарбойжон минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни энг юқори даражада ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Икки томонлама асосда ўрнатилган мазкур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек фаол сиёсий мулоқотимиз, ўзаро ташрифларимиз ушбу жараён муваффақиятли кечишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Сўнгги бир неча йил ичида давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари динамикаси муносабатларимиз юқори даражада эканини яққол намоён этмоқда. Хусусан, охирги 3 йил ичида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Озарбойжонга 30 га яқин ташрифни амалга оширди, мен эса худди шу даврда қардош мамлакатларга 13 марта бордим.

Ўрта йўлакнинг аҳамияти ортиб бораётгани шериклик кўламини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

Ишончим комилки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви қардош халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, транспорт, инвестиция, энергетика, маданий-ҳуманитар ва рақамли трансформация соҳаларидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқич бўлади.

— Муҳтарам Президент, Озарбойжон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ташрифлар жадаллашгани, фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилиб, ўзаро англашув юксак даражага кўтарилганини таъкидладингиз. Сўнгги бир ярим йил ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжонга 5 марта ташриф буюрди. Қолаверса, йил давомида турли халқаро майдонларда ҳам бир неча бор учрашдингизлар. Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилдаги икки томонлама алоқалар ҳолатини қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон — Озарбойжон учун қардош мамлакат, ишончли иттифоқчи. Бизни муштарак илдизлар, маънавий қадриятлар, тил, этник яқинлик, бой тарихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Асрлар давомида қардош халқларимиз ўзаро илиқ муносабатда бўлиб, бир-бирини чуқур ҳурмат қилган. Бугун давлатлараро муносабатларимиз ана шу мустаҳкам пойдевор асосида муваффақиятли ривожланиб бораётгани қувонарли, албатта.

Ҳозирга келиб, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар энг юқори — иттифоқчилик даражасига кўтарилган.

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамизда шаклланган ишончли ва дўстона шахсий муносабатлар ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон етакчисининг давлатлараро муносабатларимиз ривожига қўшаётган шахсий ҳиссаси, кенг кўламли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш масалаларига қаратаётган доимий эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман.

Қардош Ўзбекистон раҳбари, атоқли давлат арбоби, Озарбойжоннинг яқин дўсти Президент Шавкат Мирзиёевни юртимизда қабул қилиш биз учун доим катта шараф ва мамнуният бағишлайди. Қайд этганингиздек, ўтган бир ярим йил давомида бундай ташрифлар беш марта юз берди. Буларнинг бари муносабатларимизнинг юқори суръатидан далолат.

Ўтган йил август ойида мен давлат ташрифи билан Ўзбекистонда, шу йил июл ойида эса Ўзбекистон Президенти Озарбойжонда бўлди. Ушбу тарихий ташрифлар доирасида ўнлаб, жумладан Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Озарбойжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2025-2029 йилларга мўлжалланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўтган қисқа давр мобайнида улкан ишлар бажарилди. Ўзаро ташрифларнинг ҳаммаси Озарбойжон—Ўзбекистон муносабатларини барча соҳаларда мустаҳкамлаш, шунингдек Марказий Осиё ва Каспий минтақасини ўз ичига олган ягона географик маконда шерикликнинг янги имкониятларини рўёбга чиқаришга кучли туртки берди.

Муносабатларимизни ривожлантириш стратегиясини белгилашда 2023 йил август ойида таъсис этилган Олий давлатлараро кенгаш ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзаро давлат ташрифлари доирасида — 2024 йил 22 август куни Тошкентда ва 2025 йил 2 июлда Бокуда ушбу тузилма йиғилишлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаб келган. Фурсатдан фойдаланиб, қардош Ўзбекистонга Қорабоғни тиклаш, хусусан Фузулийда ҳозир 600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек номидаги мактаб қурилишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Қорабоғ минтақасини тиклашда ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиққан дунёдаги биринчи давлат бўлди. Биз буни мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик, биродарлик ифодаси сифатида доимо ёдда сақлаймиз.

Қардош мамлакатга бўлажак ташрифни интизорлик билан кутяпман. Ҳар сафар Ўзбекистоннинг жадал ривожланишини, мамлакат халқи эришаётган улкан ютуқларни беҳад мамнунлик билан кузатаман. Кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жамият ҳаётининг барча соҳалари изчил модернизация қилинаётгани мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу ютуқлар дўстим ва биродарим Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган, аниқ мақсадга йўналтирилган ва пухта ўйланган давлат сиёсати самарасидир.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама форматда, балки халқаро майдонда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Озарбойжон ва Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг фаол аъзолари ҳисобланиб, туркий бирликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, муносабатларимиз БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, ОҲИЧК ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали тус олган.

— Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги даражасини қандай баҳолайсиз?

— Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги динамикасидан тўлиқ қониқиш мумкин. Ҳар икки томон ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун катта ишлар қилмоқда, янги лойиҳаларни илгари суриб, қўшма ташаббуслар илгари суришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда Озарбойжонда Ўзбекистон инвестицияси иштирокидаги 120 га яқин тижорат ташкилоти рўйхатдан ўтган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо жадал суръат билан ривожланмоқда. Хусусан, 2024 йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 252 миллион долларни ташкил этди, 2025 йил январ-сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87,5 фоиз ўсиб, 319 миллион долларга етди.

Сармоявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Озарбойжон иқтисодиётига 21,8 миллион доллар сармоя киритган, Озарбойжон эса Ўзбекистон иқтисодиётига 183,5 миллион доллар инвестиция йўналтирган. 2023 йил умумий капитали 500 миллион долларлик, ҳам мамлакатларимиз ҳудудида, ҳам учинчи давлатларда лойиҳалар амалга оширишни кўзда тутган Озарбойжон—Ўзбекистон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди.

Енгил саноатни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётган, анъанавий дўстлик ва қардошлик риштасини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган Хонкендидаги қўшма корхона — тикувчилик фабрикаси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

Иқтисодий алоқаларни ривожлантириш орқали шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилашда Озарбойжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини эътироф этиш лозим. Мунтазам ўтказиб келинаётган Озарбойжон—Ўзбекистон минтақавий форуми айни йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш учун самарали платформага айланди.

Озарбойжон қардош Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг барча тармоқларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бунинг учун юксак сиёсий ирода ва улкан салоҳият мавжуд. Бугунги кунга қадар иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун ишончли ҳуқуқий асос яратган 200 га яқин ҳужжат имзоланган. Озарбойжон бундан кейин ҳам икки томон манфаатларига мос келадиган, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

 Транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг қандай истиқболларини кўряпсиз?

— Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири диверсификацияланган транспорт-логистика инфратузилмасини ярати ва транзит имкониятини кенгайтиришдир. Бу борада мамлакатларимизнинг «Ўрта йўлак» халқаро транспорт йўлагидаги иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараёнда Озарбойжон Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим транзит давлат ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу йўлак орқали экспорт имконияти ва ташув салмоғини ошириш масаласи алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда.

2024 йил мамлакатларимиз ўртасидаги транзит ташув 2023 йилга нисбатан 18 фоиздан кўпроқ ошиб, 1 миллион 300 минг тоннадан ортди. 2025 йилнинг тўққиз ойидаёқ бу кўрсаткич қарийб 1 миллион тоннага етиб, транспорт алмашинуви жадал ўсиб бораётганини кўрсатди.

Озарбойжонда яратилган замонавий транспорт инфратузилмаси, жумладан савдо флоти, яқин йилларда қуввати 25 миллион тоннага етадиган «Алат» халқаро савдо порти, Боку—Тбилиси—Қарс темир йўли, шунингдек мамлакатнинг тўққиз халқаро аэропорти глобал транспорт ва логистика маркази сифатидаги ўрнимизни мустаҳкамловчи омиллардир. Бундан ташқари, Зангезур йўлаги очилиши ҳам Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига фойда келтиради.

Шаҳарларимиз ўртасидаги авиа парвозлар муҳим аҳамиятга эга. «AZAL» авиакомпанияси ҳафтасига Боку—Тошкент—Боку йўналишида 7 марта, БокуСамарқанд—Боку ҳамда Боку— Урганч—Боку йўналишларида 2 мартадан йўловчи рейсларини амалга оширмоқда. Ўз навбатида, бир ҳафтада «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси самолётлари Тошкент—Боку— Тошкент йўналиши бўйлаб 3 марта, «Centrum» авиакомпанияси учоқлари эса 2 марта учяпти.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва «яшил» энергетикани ривожлантириш ҳам устувор йўналишлар бўлиб қолмоқда. «SOCAR» Ўзбекистонга Озарбойжон нефт ва нефт-кимё маҳсулотлари экспорт қилади. 2016 йилдан буён «Oʻzlitineftgaz» институти ва «SOCAR NIPI Neftegaz» негизида ташкил этилган «Neftegaztexnologiya» қўшма корхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

2024 йил Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини интеграциялаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган қатор стратегик битим ва меморандумларни имзолади. Бу минтақани барқарор ривожлантириш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги истиқболлар очади.

— Озарбойжон ва Ўзбекистоннинг маданий-ҳуманитар соҳадаги ҳамкорлиги ҳақида нима дея оласиз?

— Маданий-ҳуманитар ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотни кенгайтиришда муҳим рол ўйнайди. Биз умумий тарихий-маданий қадриятларни асраб-авайлаш йўлида бирга одимлаб, барча даражаларда яқин ҳамкорликни давом эттиряпмиз.

Хусусан, 2023 йил Озарбойжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2024 йил Ўзбекистон фан ва маданият кунлари ўтказилди. Шу йил Ўзбекистонда Озарбойжон маданияти кунлари, Хива шаҳрида «Шуша кунлари» ташкил этилди. Ушбу тадбирлар халқларимизнинг бой маданий меросини намоён этиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва бир-биримизнинг маънавий оламимизни бойитишга бўлган якдил интилишни акс эттиради.

Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Исмоилли—Риштон, Шуша—Хива, Ланкаран—Бухоро, Шеки—Қўқон, Биласувар—Термиз, Мингачевир—Наманган, Фузулий—Гулистон, Қуба—Жиззах, Бейлаган—Шаҳрисабз шаҳарлари ўртасида биродарлик ва шериклик алоқалари ўрнатилди. Ҳудудлараро алоқалар фаоллашуви халқларни яқинлаштириш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг маданий-гуманитар кун тартибини бойитишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг рамзий ифодаси сифатида маданий аҳамиятга эга объектлар мавжуд: Тошкентда Ҳайдар Алиев майдони бор. Шу йил июл ойида Бокуда «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўйилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Озарбойжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев хотирасига кўрсатилаётган эҳтиром, чин биродарлик муносабати учун Ўзбекистон раҳбарияти ва бутун қардош ўзбек халқига миннатдорлик билдирмоқчиман.

Спорт соҳасидаги ҳамкорликда ҳам яхши натижаларга эришилмоқда. Икки давлатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ФИФА Ижроия қўмитаси 2027 йил бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионати финал босқичини Озарбойжон ва Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Европа ва Осиёни бирлаштирадиган умумий тарихий ютуғимиздир.

Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали ривожланмоқда. 2024 йил 23-25 сентябрь кунлари Тошкентда биринчи Ўзбекистон—Озарбойжон медиафоруми, жорий йил 29 сентябрда Бокуда иккинчи Озарбойжон—Ўзбекистон медиафоруми бўлиб ўтди. Бундан ташқари, 2024 йил декабр ойида Тошкентда илк бор Ўзбекистон ва Озарбойжон нодавлат ташкилотлари форуми ташкил этилди.

Мазкур тадбирлар ва амалга оширилган лойиҳаларнинг барчаси Озарбойжон ва Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги мустаҳкам қардошлик алоқаларини яққол намоён этиб, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маънавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

— Жаноб Президент, ушбу мазмунли суҳбат учун тиғиз иш жадвалингиздан вақт ажратганингиз учун раҳмат.

— Ўзбек халқининг Озарбойжон—Ўзбекистон муносабатлари ва умуман минтақада рўй бераётган жараёнларга қизиқиши тобора ортиб бораётгани менга катта мамнуният бағишлайди. Асрлар давомида қардош халқларимиз ва мамлакатларимизни боғлаб келган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари бардавом бўлсин.

Манба: ЎзА.

Теглар

Мавзуга оид

Илҳом Алиев: «Ўзбекистон ва Озарбойжон қардош мамлакатлар, ишончли иттифоқчилардир» | Vaqt.uz