Илон Маск триллионер мақомини йўқотди
Унинг бойлиги 118 миллиард долларга камайди. Бу ҳолат космик саноат акцияларидаги юқори ўзгарувчанлик ва хусусий космик компанияларнинг келажаги бўйича инвесторлар фикри ўзгаргани билан изоҳланмоқда.
© New York PostАмерикалик миллиардер Илон Маск ўзининг триллионер мақомини йўқотганини тан олди. Бунга унинг асосий активлари, айниқса «SpaceX» компанияси акциялари қийматининг кескин пасайиши сабаб бўлди. Бу ҳақда «Bloomberg» ёзди.
Оқибатда Маскнинг бойлиги 118 миллиард долларга камайди. Бу ҳолат космик саноат акцияларидаги юқори ўзгарувчанлик ва хусусий космик компанияларнинг келажаги бўйича инвесторлар фикри ўзгаргани билан изоҳланмоқда. Аввал рекорд даражага етган бойлик бозор тузатишларига бардош бера олмади. Бу эса акцияларга боғлиқ жуда катта бойликлар қанчалик беқарор бўлишини яна бир бор кўрсатди.
Маск қандай қилиб триллионер бўлганди?
2026-йил 12-июнь куни «SpaceX» компанияси биржада илк бор акцияларини сотишни бошлагач (IPO), Илон Маскнинг бойлиги тарихда илк марта 1 триллион доллардан ошди. Июнь ойи ўрталарида инвесторларнинг катта қизиқиши туфайли «Forbes» унинг бойлигини 1,3 триллион доллар деб баҳолади. Бунга асосий сабаб «SpaceX» компанияси қийматининг 3 триллион доллардан ошгани бўлди. Биржадаги илк савдоларда акциялар 19 фоизга кўтарилди ва кейинчалик яна шунга яқин ўсди. Ўша пайтда Маскнинг бойлиги кунига 165 миллиард долларга ошаётгани айтилган. Мутахассислар буни «SpaceX»нинг тижорий космик парвозлар бозоридаги устунлиги ва Марсни ўзлаштириш режалари билан боғлаган.
Молиявий таҳлилчиларнинг айтишича, бу бозор компания қийматини унинг ҳақиқий молиявий натижаларидан анча юқори баҳолаган ҳолат эди. Уларнинг айтишича, Маск бойлигининг қарийб 90 фоизи акцияларга боғлиқ, шу сабабли бозор ўзгаришлари унинг бойлигига жуда тез таъсир қилади.
«SpaceX» нега қадрсизланди?
Бир неча ҳафталик ўсишдан сўнг бозор кескин пасайди. Атиги бир ой ичида «SpaceX» акциялари 40 фоизга яқин қийматини йўқотди. 24-июль куни акциялар нархи 115,07 доллар билан ёпилди. Оқибатда Маск 118 миллиард доллар йўқотди ва «X» ижтимоий тармоғида ҳазил тариқасида ўзини «собиқ триллионер» деб атади.
Таҳлилчиларга кўра, инвесторлар фойдасини олиб чиқишни бошлагани ва компаниянинг ҳозирги даромадлари унинг жуда юқори бозор баҳосига мос келмагани бунга асосий сабаб бўлган. Бундан ташқари, АҚШда ёқилғи нархларининг ошиши транспорт ва космик компаниялар харажатларини ҳам кўпайтирмоқда.
Бу ҳолат бозорга қандай таъсир қилди?
Маск бойлигининг кескин камайиши бутун технология секторига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Йирик тадбиркорнинг юзлаб миллиард доллар йўқотиши инвесторларни бошқа йирик технологик компанияларнинг барқарорлигига ҳам шубҳа билан қарашга мажбур қилмоқда. Савдо чекловлари ва иқтисодий ноаниқлик кучайган бир пайтда инвесторлар хавфли акцияларни сотиб, маблағларини хавфсизроқ инвестицияларга йўналтириши мумкин.
Бундан ташқари, Маскнинг шахсий молиявий ҳолати «Tesla» ва «X» платформасини қўллаб-қувватлаш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. «SpaceX» қийматининг пасайиши унга акцияларни гаровга қўйиб арзон кредит олиш имкониятини ҳам чеклаб қўймоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маск «The Economist» нашрига берган интервьюсида Россия қўшинларининг тўлиқ чекинишини кутиш ҳақиқатдан йироқ эканини айтиб, урушни давом эттираётганларни кескин танқид қилганди.





