Logo

Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар қарз бермоқчи

Бугун 11:273 дақиқа

Банк бу пул электр тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш учун берилаётганини айтди. Яқинда Осиё тараққиёт банки ҳам 200 млн доллар қарз ажратганди.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар қарз бермоқчи © X

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 27-октябр куни Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш учун 100 миллион доллар миқдоридаги қарз ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Банкнинг ёзишича, модернизация қилинган энергетика инфратузилмаси объектлари ишга туширилгандан кейин беш йил ичида дастур 11 минг 700 га яқин қўшимча сифатли иш ўринларини яратишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Дастур «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади. Унинг доирасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида мамлакат бўйлаб 60 та асосий подстанцияни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга инвестициялар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Дастурнинг амалга оширилиши 2031-йилга бориб модернизация қилинган подстанцияларда йиллик электр энергияси йўқотишларини 20 минг мегаватт-соатга (МВт·соат) қисқартириш ва камида 3,3 ГВт қайта тикланадиган энергия қувватларини электр тармоғига интеграция қилиш учун шароит яратиш имконини бериши кутилмоқда. Бундан ташқари, дастур ҳар йили деярли 23 минг тонна карбонат ангидридга тенг бўлган иссиқхона газлари чиқиндилари атмосферага чиқишининг олдини олиш имконини беради.

Жаҳон банки Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан биргаликда глобал тўлиқ ўзаро ишонч механизми (Full Mutual Reliance Framework, FMRF) доирасида «Электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш» дастурини молиялаштирмоқда. Ушбу механизм дастурни тайёрлаш ва унинг амалга оширилишини назорат қилишда икки молия институтининг ягона ёндашувини назарда тутади, бу эса транзакция харажатларини камайтиради ва Ўзбекистон ҳукумати учун бир-бирини такрорлайдиган процедураларнинг олдини олади.

2026-йил 30-сентябрда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 200 миллион доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллаганди. Жаҳон банки гуруҳининг 100 млн доллар миқдорида ажратаётган қарзи ва Ўзбекистон ҳукуматининг давлат бюджетидан ажратган 71 млн доллар миқдоридаги маблағларини ҳисобга олган ҳолда, дастурни молиялаштиришнинг умумий ҳажми 371 млн долларни ташкил этади.

Банк Ўзбекистон 2030-йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрнатилган қувватини 25 гигаваттга (ГВт) етказишни мақсад қилганини таъкидлади. Бунинг учун қуввати юқорироқ ва технологик жиҳатдан такомиллашган электр тармоғи инфратузилмаси талаб этилади.

«Тақсимлаш тармоқларининг катта қисми бир неча ўн йиллар олдин қурилган бўлиб, кўплаб подстанциялар ортиқча юклама билан ишлайди. Бу уй хўжаликлари, корхоналар ва ижтимоий инфратузилма объектлари, жумладан, мактаблар ва тиббиёт муассасаларига таъсир қилувчи электр энергияси йўқотилиши ва электр таъминотидаги узилишларга олиб келади. Иқтисодий ўсишнинг жадал суръатлари ва электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бориши шароитида тармоқларни модернизация қилиш устувор вазифага айланмоқда», — дея ёзди ЖБ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар ажратмоқчилиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид