
Жиззах политехника институти Венгрия университети бошқарувига берилади
Олийгоҳда нафақат автосаноат учун, балки электротехника, транспорт, қурилиш соҳалари билан бирга сунъий интеллект бўйича ҳам мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этмоқда. Унда Жиззах политехника институти Венгрия университети бошқарувига берилиши қайд этилди.
Маълум қилинишича, Жиззах политехника институтининг Муҳандислик мактаби очилди. Бу ерда ҳар йили 300 нафар вилоят ёшлари дуал таълим асосида замонавий муҳандис бўлиб чиқади. Ушбу институт Венгриянинг машҳур Абуда университети бошқарувига берилади. Унда нафақат автосаноат учун, балки электротехника, транспорт, қурилиш ва қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалигида муҳандислар, сунъий интеллект бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиши таъкидланди.
«Илгари автомобилсозлик деганда ҳамма фақат Асакани тушунарди. Ҳамкорларимиз билан Жиззахда ҳам йилига 175 минг автомобил ишлаб чиқариш қувватлари яратилди», деди президент.
Таъкидланишича, қисқа фурсатда Зомин, Фориш, Арнасой туманлари ва Жиззах шаҳрида 2 миллиард долларлик 500 дан зиёд туризм ва сервис объектлари иш бошлади. Арнасой ва Зоминда 300 миллион доллар ҳисобига 12 ой давомида тўлиқ ишлайдиган курорт зоналари ишга тушгани, уларда аеропортлар барпо этилгани натижасида Жиззах энг жозибадор туристик маршрутлардан бирига айланди.
Саккиз йил олдин Жиззахдаги иш ўринларининг 42 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келган бўлса, бугун 310 мингга яқин вилоят аҳолиси саноат ва сервис соҳаларидаги юқори даромадли ишлар билан бандлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, саккиз йилда 6,5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишга тушган бўлса, шунинг 45 фоизи саноат ҳиссасига тўғри келади.
Маълумот учун, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳрида 2,3 миллиард долларлик 560 та лойиҳа ишга тушди. Бугунги кунда ушбу туманлар вилоят саноатининг 70 фоизини таъминламоқда.





