Logo

Каннаваронинг маоши ва футболдан ташқари бизнеслари: 4 млн евро ҳақидаги хабарлар қаердан тарқалган?

Бугун 13:253 дақиқа

Италиялик футбол афсонасининг ойлиги кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо ЎФА бу ҳақидаги хабарларни рад этиб келади. Хўш, у Ўзбекистонда қанча топади ва спортдан ташқари яна қандай бизнеслари бор?

Каннаваронинг маоши ва футболдан ташқари бизнеслари: 4 млн евро ҳақидаги хабарлар қаердан тарқалган? © rbc.ru

«Transfermarkt» портали эълон қилган рейтингда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро дунёдаги энг юқори маош олувчи терма жамоа мураббийлари қаторида кўрсатилди. Унга кўра, италиялик мутахассиснинг йиллик маоши 4 млн евро деб баҳоланган ва у бу кўрсаткич билан 5-ўринни эгаллаган.

4 млн евро ҳақидаги хабарлар қаердан пайдо бўлган?

Каннаваронинг Ўзбекистон терма жамоасидаги маоши 4 млн евро экани ҳақидаги хабарлар аввал ҳам тарқалган. 2026-йилнинг августида италиялик мутахассис бу маълумотни рад этди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам аввалроқ Каннаваронинг йиллик маоши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини айтган. У аниқ сумма томонларнинг келишувига кўра ошкор этилмаслигини билдирган.

Италиялик мутахассиснинг маоши ҳақидаги маълумотлар илк бор 2025-йилнинг октябрида маълум бўлган. Ўша пайтда италиялик мутахассис йилига 3,5–4 млн евро олиши айтилганди. Бироқ бу сумма мураббийлар штаби билан боғлиқ харажатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда келтирилганди. Рақамлар расмий эмас, балки Италиядаги мустақил манбалар томонидан келтирилган. Орадан кўп ўтмай ЎФА буни рад этган.

ЎФА ва Каннаваро бу суммани рад этганидан кейин «Transfermarkt» 4 млн еврони ўз порталида инфографика шаклида берган. Рейтингга кўра, Каннавародан юқори ўринларда Бразилия бош мураббийи Карло Анчелотти (10 млн евро), Германия бош мураббийи Юрген Клопп (7 млн евро), АҚШ терма жамоаси мураббийи Маурисио Почеттино (6,1 млн евро) ҳамда Англия бош мураббийи Томас Тухел (6 млн евро) жой олган. Қизиғи шундаки, Артентинани жаҳон чемпиони қилган Лионел Скалони, футболи афсонаси ва ҳозирда Франция бош мураббийи Зинедин Зидан бу рейтингда Каннавародан кейинги ўринларда бормоқда.

1



«Transfermarkt» маълумотни қаердан олган?

Бу саволга ҳозирча очиқ манбаларда аниқ жавоб йўқ. «Transfermarkt» ўз маълумотлар базасини администраторлар ва фойдаланувчилардан келадиган маълумотлар асосида шакллантиради.

Бироқ Каннаваронинг Transfermarkt’даги шахсий профилида унинг маоши кўрсатилмаган. Профилида италиялик мутахассиснинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи экани, тайинланган санаси, шартнома муддати ва бошқа маълумотлар мавжуд.

2

Каннаваро «Guangzhou Evergrande» жамоасида ҳам ишлаб (2014-2015, 2017-2021), йилига 12–14,5 млн евро атрофида маош олган ва ўша пайтда Хитой суперлигасидаги энг кўп маош олувчи мураббийлардан бири бўлган.

Футболдан ташқари бизнеслари

Каннаваро футболчилик фаолияти даврининг ўзида тадбиркорлик билан ҳам шуғулланган. Унинг CMA Holding орқали кўчмас мулк, қурилиш, ресторан ва озиқ-овқат соҳаларида улушлари бўлган ва CMA Immobiliare компанияси орқали Италиянинг турли шаҳарларида қиймати тахминан 4 млн евро бўлган кўчмас мулк активлари қайд этилган.

У Неаполдаги Regina Margherita ресторанида 10 фоиз улушга эга бўлган. Каннаваро ва унинг оиласи люкс яхталарини ижарага бериш бизнеси билан ҳам шуғулланган. Ушбу бизнеслар 2000-2010-йилларга тўғри келади.

Каннаваронинг футболчилик ва мураббийлик фаолияти давомида миллионлаб евро ишлаб топгани ҳақида маълумотлар мавжуд, бироқ бутун фаолияти давомида қанча даромад олгани ёки ҳозирги маоши қанча эканини аниқ кўрсатувчи расмий очиқ ҳисобот йўқ. Каннаваронинг футболдан ташқари кўчмас мулк, ресторан ва озиқ-овқат каби соҳаларда бизнеслари бўлган, аммо уларнинг бугунги ҳолати очиқ манбаларда тўлиқ кўрсатилмаган.

Фабио Каннаваро 2025-йил 6-октябрда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган.

Камрон Ҳасанов

Теглар

Мавзуга оид