Logo

Каримованинг пуллари ва сотувга чиққан завод

Бугун 19:5611 дақиқа

Гулнора Каримова иши бўйича янги келишув, пуллар қайтариладими? Биринчи президентнинг укасига алоқадор яна бир собиқ завод савдога қўйилди. Сербия паспортини олиш учун Қодиров фамилиясини ўзгартирди. Лукашенко Украинадаги уруш, Путин билан муносабатлари ва ўзидан кейинги президент ҳақида гапирди.

Каримова активлари қайтарилади

Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова иши бўйича Швейцарияда мусодара қилинган яна 252,5 миллион доллар мамлакатга қайтарилади. Хўш, бу пуллар нимага сарфланади?

24-ноябр куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича битим тузилди. Унда 252,5 миллион доллар миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтариш кўзда тутилган. Маблағлар «Ишонч» жамғармаси орқали мамлакат аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган «Ишонч» жамғармаси Швейцарияда мусодара қилинган активларни Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали йўналтирилади. Бунда лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижаларини мониторинг қилиш жараёнларида шаффофлик, ҳисобдорлик ҳамда жамоатчилик иштирокига алоҳида эътибор қаратилиши айтилади.

Жамғарманинг ресурсларни тақсимлаш бўйича биринчи босқичи доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион доллар йўналтирилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш ҳамда тегишли тизимларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ишлар амалга оширилган.

Қайтариладиган 252,5 миллион доллар асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига ишлатилади. Ушбу йўналишлар доирасида, айниқса, қишлоқ ҳудудларида ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари чекланган аҳоли қатламлари учун шароитларни яхшилашга алоҳида аҳамият берилади.

Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013-йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015-йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017-йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020-йил мартда Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган. Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025-йилнинг январ ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.

Назарбоевнинг укасига тегишли завод сотувга қўйилди

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Панфилов қишлоғида марҳум Болат Назарбоевга алоқадор бўлган собиқ спиртли ичимликлар заводи сотувга қўйилди. Завод олдин бепул давлат тасарруфига ўтказилганди, энди эса аукцион орқали сотилиши режалаштириляпти. У жойлашган ер давлатга қайтарилган актив сифатида ўтказилган. Завод ва унга тегишли ёрдамчи бинолардан ташқари, харидорга хусусий мулк ҳуқуқи асосидаги учта ер участкаси ҳам таклиф қилинмоқда.

Болат Назарбоев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси, йирик тадбиркор ва меценат бўлган. У мамлакатдаги энг бой ва таъсир доираси кенг шахслардан бири сифатида танилган. Акаси ҳокимият тепасига келганидан сўнг унинг бизнес имкониятлари кескин кенгайиб, у «БН Инвест» холдинги ва «Инкар Агро» каби йирик тузилмаларга раҳбарлик қилган. Унинг назоратида Олмаота атрофидаги энг йирик «Олтин Ўрда» ва «Барис» савдо бозорлари, Хитой билан чегара савдоси, «Казахмис» корпорацияси, банк секторидаги йирик улушлар ҳамда юз минглаб гектар ер майдонлари жамланган эди.

Тадбиркорлик билан бир қаторда у хайрия ишлари билан ҳам шуғулланиб, 2016-йилда «Салиқали урпақ» жамоат фондини ташкил этган ва ушбу фонд орқали кам таъминланган оилаларга уй-жой қуриш, етим болалар ҳамда фахрийларга ёрдам кўрсатиш лойиҳаларини молиялаштирган, бунинг учун «Парасат» ордени билан ҳам тақдирланган. Бироқ 2022-йилнинг январ ойида Қозоғистонда юз берган норозилик намойишлари ва сиёсий ўзгаришлардан сўнг Назарбоевлар оиласининг мамлакатдаги таъсири пасайиб, Болат Назарбоев барча имтиёзлар ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Шундан кейин унга нисбатан заводларни ноқонуний эгаллаб олиш ва қарийб 300 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш айбловлари билан суд ишлари бошланиб, 2023 йилда суд қарорлари асосида унга тегишли бўлган кўплаб йирик активлар ва ерлар давлат ҳисобига қайтарилган.

Қодиров фамилиясини ўзгартирди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли Али Қодиров фамилиясини ўзгартириб, Сербия фуқаролигини олди. Қизиғи, у бу мамлакат паспортни Али Мусаев деган бошқа исм-фамилия билан қўлга киритган. Энди Қодировнинг ўғли Сербия паспорти орқали Европа Иттифоқи давлатларига визасиз бориши мумкин.

Маълумотларга кўра, Сербия фуқаролиги Қодиров оиласининг бошқа яқинларига ҳам берилган. Али Қодиров Сербия паспортни 2025-йилнинг июл ойида, 18 ёшида олган. Ҳужжат унга «алоҳида хизматлари учун» Али Мусаев номи билан берилган. Маълум бўлишича, бу исм унга бегона эмас. Қодировнинг айнан Али Мусаев номига расмийлаштирилган Россия паспорти ҳам бор. У бир неча йилдан бери хорижга хусусий самолётларда шу паспорт орқали учган.

Али Қодиров 2025-йилнинг январ ойида расман фамилиясини Мусаевга ўзгартирган. Орадан беш ой ўтиб эса Сербия фуқаролигини олган. Бироқ Сербия паспортини олган Қодировнинг ягона ўзи эмас. Маълумотларга кўра, Сербия ҳукумати «Россия вертолётлари» холдинги раҳбари Николай Колесов ва унинг қариндошларига, ММА жангчиси ва Владимир Путиннинг ишончли вакили Фёдор Емеляненкога, шунингдек, «Ягона Россия» партияси аъзоси Муслим Амираслановга ҳам фуқаролик берган. Шундан сўнг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Сербия ҳукуматига мурожаат қилиб, Али Қодировни мамлакат фуқаролигидан маҳрум этишни талаб қилган.

Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин Сербия россияликлар учун кўчиб борадиган йўналишлардан бирига айланган. Бунинг сабабларидан бири Сербия паспорти орқали Россия ва Европа Иттифоқи мамлакатларига визасиз бориш мумкин.

Қизиғи, 2026-йилнинг бошида Рамзан Қодировнинг жияни Ёқуб Закриев ҳам Сербия фуқаролигини олгани маълум бўлган. У Чеченистоннинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва миллийлаштирилган «Данон Россия» компаниясининг бош директори ҳисобланади. Аммо бу ҳолат ОАВ эътиборини тортганидан атиги уч кун ўтиб, Сербия ҳукумати Закриевга фуқаролик бериш ҳақидаги қарорини бекор қилган.

Пашиняннинг янги конституция лойиҳаси

Пашинян Арманистоннинг янги конституцияси лойиҳасини тақдим этди: унда Қорабоғга бўлган даъволардан воз кечиш назарда тутилган. Мухолифат буни Озарбойжон талабларининг бажарилиши дея баҳоламоқда. Ҳукмрон партия эса янги конституцияни узоқ муддатли тинчликка эришиш кафолати деб ҳисоблаяпти. Бироқ ҳозирги парламентда ҳужжатни референдумга чиқариш учун етарли овоз йўқ. Мутахассислар фикрича, бундай вазиятда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилиши мумкин.

Пашинян ўз нутқида «тинчлик» сўзини 18 марта ишлатди. Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг асосий қонунини янгилаш вақти келди. Бу орқали Арманистон давлатчилигини янги босқичга олиб чиқиш мумкин. Бош вазирнинг фикрича, янги конституция Арманистонни ҳақиқий демократик ва мустақил давлатга айлантиришга хизмат қилади. Бунинг учун мамлакат ўтмишдаги миллатчилик ғоялари ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш ва мамлакат бойликларини талон-торож қилишни оқлаш учун ишлатилган даврдан узоқлашиши керак.

Пашинян 2018-йилда халқ кўчаларга чиқиб, «Бахмал инқилоби»ни амалга оширгани ва аввалги ҳокимиятни рад этганини эслатди. Унинг фикрича, энди халқ ҳокимияти тамойилини қонун билан мустаҳкамлаш вақти келган.

Бироқ янги Конституция лойиҳасида яна бир муҳим масала бор. Унда Арманистоннинг Озарбойжон ҳудудида жойлашган, тарихан асосан арманлар яшаган Тоғли Қорабоғга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечиши ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб қўйилмоқда.

Амалда Арманистон бу ҳудуд устидан назоратни 2020–2023-йилларда йўқотган. Бу даврда Озарбойжон урушда ғалаба қозониб, ўз ҳудудлари устидан назоратни тўлиқ тиклади. Шундан сўнг Қорабоғда яшаган арманларнинг деярли барчаси Арманистонга кўчиб кетди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев эса Арманистон қўшни давлат ҳудудига нисбатан даъволари йўқлигини нафақат амалда, балки қонун билан ҳам расман тасдиқлаши кераклигини талаб қилиб келмоқда. Алиев бу борада Арманистоннинг амалдаги конституциясининг муқаддимасига эътибор қаратмоқда. Унда 1990-йилда қабул қилинган Мустақиллик декларациясига ҳавола бор. Мазкур декларацияда Арманистон ва Тоғли Қорабоғни бирлаштириш ғояси акс этган.

Озарбойжон томонининг позициясига кўра, Арманистон конституциясида Қорабоғга оид бундай ҳавола сақланиб қолар экан, икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш мумкин эмас.

Пашинян ҳукумати тақдим этган янги конституция лойиҳаси айнан шу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Ҳужжат муқаддимасида Арманистоннинг Қорабоғга ёки бошқа ҳудудларга нисбатан келгусида ҳудудий даъволар билдириши истисно қилинган. Унинг ўрнига мамлакат чегаралари халқаро миқёсда тан олинган ҳудуд билан чекланиши белгилаб қўйилган.

Расмий Боку Пашинян тақдим этган янги конституция лойиҳаси уларни қаноатлантиришини аллақачон айтиб бўлган. Пашинян эса бу жараён муваффақиятли якунланиши учун ўзининг барча сиёсий имкониятлари ва шахсий обрўсини ишга солишини айтди. Аввалроқ бош вазир тинчликнинг узоқ муддатли ва ортга қайтмас бўлишига кафолат бериш учун ўзининг бутун сиёсий салоҳиятини ишга солишга тайёрлигини билдирганди. Шунингдек, у тинчлик шартномаси имзоланиб, парламент томонидан ратификация қилинганидан кейин ўз миссиясини бажарилган деб ҳисоблашини айтган.

Лукашенко Путин билан муносабатлари ҳақида гапирди

Беларус президенти Александр Лукашенко Франциянинг «Le Point» журналига интервью берди. Суҳбатда у Украинадаги урушни тўхтатиш имкониятлари, Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар, Доналд Трампнинг сиёсати, Владимир Путин билан алоқалари ҳамда ўзидан кейин ким президент бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Лукашенконинг айтишича, Россия ҳам, Украина ҳам уруш давомида хатоларга йўл қўйган. Энди эса икки томон ҳам жанговар ҳаракатларни тўхтатиши керак.

Унинг таъкидлашича, урушдан нафақат Россия ва Украина, балки Беларус ҳамда Европанинг бошқа мамлакатлари ҳам чарчаган. Шу билан бирга, у фронтдаги вазият ўзгариши ва НАТО давлатлари ҳам бевосита урушга аралашиб қолиши мумкинлигини истисно қилмади.

Лукашенко Москва позициясини қўллаб-қувватлаб, вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш эмас, балки узоқ муддатли тинчлик келишувини тузиш кераклигини айтди. Президентнинг сўзларига кўра, аввалроқ Россия, Украина ва АҚШ фронт чизиғи бўйлаб демилитаризация қилинган ҳудуд ташкил этиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш таклифига рози бўлган. Бироқ Беларус етакчисининг айтишича, Путиннинг қароргоҳига дронлар билан ҳужум қилинганидан кейин бу режани амалга ошириш имкони бўлмаган.

«Путин бу ерда украиналикларга, демакки, Ғарбга ишониб бўлмаслигини тушунди. Буни аниқ биламан. Менимча, Зеленский Европа давлатлари розилик бермаганида Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга журъат этмаган бўларди», — деди Лукашенко.

Унинг фикрича, агар ушбу ҳодиса содир бўлмаганида, уруш аллақачон тўхтатилиши ва томонлар чегаралар масаласини муҳокама қилишга ўтиши мумкин эди. Лукашенко Украина президенти Зеленскийга Путин билан музокара ўтказиш учун биргаликда Москвага боришни таклиф қилди. У Украина раҳбарининг хавфсизлигини кафолатлашга тайёрлигини билдирди.

«Мен Зеленский билан бирга ўтириб, Москвага учиб боришим мумкин. Икковимиз. Мен унинг хавфсизлигига кафил бўлиб», — деди Лукашенко.

Унинг фикрича, бундай учрашув орқали урушни тўхтатиш ва минтақанинг келажаги бўйича келишувга эришиш Европа давлатлари иштирокидаги музокараларга қараганда тезроқ амалга ошиши мумкин. Беларус раҳбари Зеленскийга муносабати ҳақида ҳам гапирди.

У Украинадаги воқеалар учун фақат Зеленскийни айбдор деб ҳисобламаслигини айтди. Бироқ Украина президентида сиёсий тажриба ва мустақил қарор қабул қилиш қобилияти етарли эмаслигини таъкидлади.

Лукашенко АҚШ президенти Доналд Трамп учинчи жаҳон урушининг олдини олганига ишонишини билдирди. Унинг фикрича, агар АҚШда Жо Байден маъмуриятининг сиёсати давом этганида, НАТО давлатлари аллақачон урушга аралашиб қолган бўлиши мумкин эди. Беларус президентининг айтишича, АҚШнинг кейинги ҳаракатлари музокараларнинг кечикишида қайси томонни айбдор деб ҳисоблашига боғлиқ бўлади.

«Агар америкаликлар музокаралар жараёнини Россия тўхтатаётганини кўрса, Байден даврида бўлгани каби Украинага яна қурол-яроғ ва пул беради, НАТО кучларини ҳам фаоллаштиради. Агар Америка Зеленский Европани кезиб, музокараларга тўсқинлик қилаётганини кўрса, унда Украинага на қурол, на пул беради», — деди у.

Лукашенконинг таъкидлашича, АҚШ дастлаб Украинадаги можарони ҳал қилиш қанчалик мураккаб эканини тўғри баҳоламаган ва муаммони тезда ҳал қилиш мумкин деб ўйлаган. Интервю давомида Лукашенко Путин билан бир-бирига таъсир ўтказишини тан олди. Бироқ Россия президентининг унга таъсири кўпроқ эканини ҳам яширмади.

«Биз у билан сиёсат билан шуғулланамиз. Бир-биримизга таъсир қиламизми? Ҳа. Мен унга маълум даражада, лекин камроқ таъсир қиламан. У эса менга кўпроқ таъсир қилади. Мен унга кўпроқ боғлиқман. Ҳа, бир-биримизга таъсир ўтказамиз», — деди Беларус президенти.

Унинг сўзларига кўра, Путин билан яқин муносабатлари туфайли Россия раҳбарига исталган вақтда қўнғироқ қилиши ёки шахсан учрашиши мумкин.

«Мен унга сиз ҳам, унинг қўл остида ишлайдиганлар ҳам айта олмайдиган гапларни айтишим мумкин. Бу муҳим», — дея қўшимча қилди Лукашенко.

Ўзини диктатор деб ҳисоблайдими?

Лукашенко ўз сиёсий фаолиятида авторитар бошқарув элементлари борлигини тан олди. Бироқ уни диктатор деб аташларига қўшилмаслигини билдирди.

«Сиёсатимда авторитаризм белгилари борлиги — бу ҳақиқат. Бизда ҳокимият тизими шундай. Сизларда, Францияда ҳам ҳокимият тизими қаттиқ. Бизда эса конституция бўйича янада қаттиқроқ», — деди у.

Беларус раҳбари давлат раҳбарига кенг ваколатлар берилиши мамлакат мустақилликка эришганидан кейин сиёсий тизимни шакллантириш зарурати билан боғлиқлигини айтди. У Европа давлатларининг 2020-йилдаги президентлик сайловлари ҳақидаги баҳоларига ҳам муносабат билдирди. Лукашенко сайловлар адолатсиз ўтказилгани ҳақидаги айбловларни рад этди.

«Аввал умуман ҳалол ўтмаган дейишарди. Энди эса “унчалик ҳам ҳалол эмас” дейишяпти. Бунга ҳам хурсандман», — деди у.

Интервюда Беларус раҳбари ўзидан кейин президентлик лавозимини эгаллаши мумкин бўлган номзод ҳақида ҳам гапирди. Лукашенко ўғилларидан бирортасини президентликка тайёрламаётганини айтди. Жумладан, кичик ўғли Николайнинг келажакда давлат раҳбари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Худо сақласин. Ҳозир армияда хизмат қилаётган кичик ўғлим 22 ёшда. Қандай қилиб у президент бўлсин? Конституция бўйича у президент бўла олмайди», — деди Лукашенко.

У президентлик лавозимидан кетганида келажакдаги раҳбар номзоди бўйича шахсий хоҳишлари бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо Лукашенко янги президентни халқ сайлаши кераклигини урғулаб, ҳозирча президентлик лавозимини тарк этишни режалаштирмаётганини билдирди.

«Мен эртага президентлик лавозимидан кетмоқчи эмасман. Йўқ, эртага кетиш ниятим йўқ. Яна ҳам Худо билгувчи», — дея суҳбатга якун ясади Беларус раҳбари.

«Қулоқ солмаяпти»

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, Киев Трампнинг Россия нефтини қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги чақириққа қулоқ солмаяпти. Ҳужумлар ҳеч нарса бўлмагандек давом этмоқда.

«Биз Киев режими нефтини қайта ишлаш корхоналаримизга ҳужумларни тўхтатмаётганини кўриб турибмиз. Қизиғи шундаки, АҚШ президенти ҳужумларни амалга оширмаслик, улардан тийилиш ҳақида очиқ мурожаат қилган ва бевосита илтимос қилган бўлса-да, Украина раҳбарияти унинг маслаҳатига қулоқ солмаяпти. Шу муносабат билан таъкидламоқчиманки, Россия томонидан жавоб зарбалари берилиши муқаррар. Буни ҳамма билиши керак», — деди Путин.

Путин, шунингдек, Украина июнь ойи бошида бошлаган ва расмий баёнотларга кўра, 40 кунга мўлжалланган ҳужумлар Россияга жиддий зарар етказа олмаслигини билдирди.

«Шунга қарамай, бугун нефтьни қайта ишлаш заводлари хавфсизлигини ошириш ва уларда ишлайдиган ходимларни ҳимоя қилиш учун яна қандай чоралар кўриш кераклигини муҳокама қилишни таклиф қиламан», — деди Путин.

Теглар

Асадбек Комилов

Асадбек КомиловМақолалар сони: 533

Барчаси