
Конгодаги авиаҳалокат: вазир ва делегацияси олов қоплаган учоқдан қутқарилди
Мис шахтасида содир бўлган фожиани текшириш учун кетаётган делегация самолёти қўнар чоғида ёниб кетди.

Конго Демократик Республикасида Меҳнат ва кончилик вазири ҳамда унинг ҳайъатини олиб кетаётган учоқ Луалаба вилоятидаги Каландо минтақасига қўнаётган пайтда учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, ёниб кетди.
Расмийларга кўра, учоқ саҳнидаги барча йўловчилар, шу жумладан вазир ҳам соғ-саломат эвакуация қилинди. Ҳодисада ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жароҳатланмаган.
Бу воқеа мис шахтасидаги фожиали ҳалокатдан сўнг юз берди. Луалаба вилояти ички ишлар вазири Рой Каумба Майонденинг маълум қилишича, Каландодаги мис конида юз берган тупроқ кўчкиси оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлган. Қутқарув ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда, чунки яна бир неча киши ғов остида қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Меҳнат вазири конда рўй берган фожиани шахсан ўрганиш учун ҳудудга йўл олган эди. Самолёт Колвези аэропортига қўниши чоғида юз берган ҳалокатдан сўнг, ҳаво транспорти хавфсизлиги бўйича махсус тергов бошланган.
Ҳозир ҳам ички ишлар, ҳам фавқулодда вазиятлар хизматлари кондаги фожиа ҳамда самолёт ҳалокати бўйича бир вақтнинг ўзида иш олиб бормоқда.
Аввалроқ Конгода мис конидаги фожиа оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани хақида хабар берган эдик.





