add

Кремл LUKOIL'нинг хориждаги активларини Gunvor компанияси сотиб олишдан воз кечганига муносабат билдирди

Илгари АҚШ Молия вазирлиги компанияни «Кремл қўғирчоғи» деб атаган баёнотидан сўнг халқаро трейдер Gunvor LUKOIL'нинг чет эл активларини сотиб олишдан воз кечган эди.

Кремл LUKOIL'нинг хориждаги активларини Gunvor компанияси сотиб олишдан воз кечганига муносабат билдирди

Кремл LUKOIL'нинг халқаро савдо ва иқтисодий муносабатлар қоидалари нуқтаи назаридан барча қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши лозим, деб ҳисоблайди. Буни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия нефт компанияси активларини сотиб олиш билан боғлиқ вазиятни шарҳлаётиб айтди.

Кремл вакили бу соҳадаги қонунбузарликларни қатъиян қоралади ва улар жаҳон савдо тизимига путур етказишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Песков бу масала Кремлга тўғридан-тўғри алоқадор эмаслигини, балки кўпроқ тижорат муносабатларига ва халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонуний савдо чекловларига тааллуқли эканини қайд этди.

LUKOIL 30 октябр куни компаниянинг хорижий активларини бирлаштирувчи LUKOIL International’ни сотиб олиш бўйича Gunvor Group’нинг таклифини қабул қилганини маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, асосий шартлар аллақачон келишиб олинган. 6 ноябр куни АҚШ Молия вазирлиги Х ижтимоий тармоғида «Кремлнинг қўғирчоғи бўлган Gunvor ҳеч қачон ишлаш ва фойда олиш учун лицензия ололмайди» деган баёнот эълон қилди.

Баёнотдаги бу позиция АҚШ президенти Доналд Трампнинг Москвадан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни талаб қилгани билан асосланганини таъкидлади.

Шундан сўнг, Gunvor матбуот котиби Сет Петрас Politico газетасига компания LUKOIL'нинг хорижий активларини сотиб олиш таклифини қайтариб олаётганини маълум қилди. Бунда у АҚШ Молия вазирлиги баёноти нотўғри маълумотларга асосланганини ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Октабр ойида АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) «Роснефт» ва LUKOIL ҳамда уларнинг бир қатор шўба корхоналарига қарши санкциялар жорий этди. Кейинчалик LUKOIL 11 мамлакатдаги халқаро активларини сотиш ниятини билдирди. Буларга Болгария, Руминия ва Нидерландиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари, Европадаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, шунингдек Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ироқ, Миср, БАА, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги қазиб олиш лойиҳалари киради.

Ушбу активлар компанияга даромаднинг тахминан 30 фоизини ва углеводород қазиб олишнинг 15-17 фоизини таъминлаган. 2024 йилда "Лукойл"нинг даромади 8,4 триллион рублни ташкил этиб, бу акциядорларга 1 триллион рублдан ортиқ дивидендлар тўлаш имконини берди. Энди компания тахминан 10 миллиард доллар қийматидаги хорижий активларини сезиларли чегирмалар билан сотишга мажбур: "нодўст" юрисдикцияларда 70 фоизгача ва нейтрал юрисдикцияларда 50 фоизгача чегирма билан. Бу эса молиявий кўрсаткичларни кескин пасайтириши мумкин. АҚШ Молия вазирлиги лицензиясига кўра, барча битимлар ноябрь ойининг охиригача якунланиши лозим, бироқ бундай операцияларнинг одатдаги муддати ярим йилдан бир йилгача давом этади. Бу эса қўшимча рухсатномалар олиш ва музокаралар ўтказиш зарурияти хавфини туғдиради.

Вагит Алекперов ва унинг ҳамкорлари томонидан ташкил этилган LUKOIL Россиянинг иккинчи йирик нефт компанияси ҳисобланади. 2024 йилда у кунига тахминан 1,6 миллион баррел нефт қазиб олди. Дунёдаги энг йирик хомашё савдоси билан шуғулланувчи мустақил компаниялардан бири бўлган Gunvor Group 1997 йилда ташкил этилган. Таъсисчилардан бири миллиардер Геннадий Тимченко эди, аммо 2014 йилда у санкциялар хавфи туфайли компаниядаги 44 фоизлик улушини ҳамкори Торберн Торнквистга сотишга мажбур бўлди.

Теглар

Мавзуга оид

Кремл LUKOIL'нинг хориждаги активларини Gunvor компанияси сотиб олишдан воз кечганига муносабат билдирди | Vaqt.uz