«LVMH», «Hermès» ва «Ferrari» акциялари тушди: Яқин Шарқдаги кескинлик бозорни силкитмоқда
Эрон можароси люкс индустрияга таъсир қилди: йирик брендлар акциялари пасайди, инвесторлар кайфияти ёмонлашмоқда.

«CNBC» маълумотига кўра, Эрон билан можаро бошланганидан бери йирик люкс товарлар ишлаб чиқарувчи компаниялар 15 фоиздан ортиқ бозор қийматини йўқотди.
Акциялар тушиши
Акциялари «LVMH» ва «Hermès» ушбу ойда тахминан мос равишда 16 фоиз ва 20 фоизга пасайди, шу билан бирга «S&P 500» индекси 7 фоиздан ортиқ тушди. Бу пасайиш йирик люкс компанияларнинг умумий бозор капитализациясини тахминан 100 млрд долларга қисқартирди, «LVMH» ва «Hermès» эса ҳар бири 40 млрд доллардан кўпроқ йўқотди.
«Ferrari» акциялари ҳам 15 фоизга арзонлашди. Компания аввал Яқин Шарққа етказиб беришни вақтинча тўхтатганини маълум қилди, кейин эса автомобилларни регионга самолётлар орқали етказиб беришни бошлади, деб ёзган «Financial Times» 26-март куни. Шунингдек, «Bentley», «Maserati» ва бошқа люкс автомобил ишлаб чиқарувчилар Форс кўрфази мамлакатларига етказиб беришни тўхтатган.
«Ҳозирча ишлаб чиқаришга таъсир кўрмаяпмиз. Бироқ, Яқин Шарқдаги мижозлар ҳозир янги «Bentley» сотиб олиш ҳақида эмас, бошқа масалалар ҳақида ўйлаяпти», – деди «Bentley» бош директори Франк-Штеффен Валлисер инвесторлар билан конференц-қўнғироқда.
«Luca Solca» таъкидлашича, ўтган йили Яқин Шарқ люкс товарлар учун дунёдаги энг тез ўсган бозор бўлган (6–8 фоиз ўсиш). Ҳозирда ушбу регион жаҳон люкс савдосининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади ва Япония кўрсаткичига (тахминан 9 фоиз) яқинлашиши мумкин.
Яқин Шарқда люкс бозорининг асосий драйвери Дубай бўлиб, БААдаги ўсишнинг тахминан 80 фоизи айнан шу шаҳар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, БАА бутун минтақадаги люкс бозор ўсишининг ярмидан кўпроғини таъминлайди, дейилади «Morgan Stanley» тадқиқотида.
Бозорни нима ташвишга соляпти?
Инвесторлар кайфияти ҳозир тармоқда «сўнгги йиллардаги энг салбий даражада», деб таъкидлади «UBS» таҳлилчиси Зузанна Пуш инвесторлар учун ёзган изоҳида. Йил бошида инвесторлар люкс бозорининг тикланишига умид қилган эди, аммо «геосиёсий ноаниқликнинг кучайиши, эҳтимол, қисқа муддатда [тармоқ компаниялари] даромадига босим ўтказади ва асосий кўрсаткичларда кутилган бурилишни кечиктиради», деди таҳлилчи.
Яқин Шарқдаги муаммолар люкс сегменти учун ҳал қилувчи паллада юзага келди. Икки йиллик стагнациядан сўнг бозор 2026-йилда тикланишни кутган эди. Хитойда бир неча йиллик пасайишдан кейин сотувларда ўртача яхшиланиш белгилари пайдо бўлди. Америкадаги люкс товарлар харидорлари эса сунъий интеллект ва фонд бозорининг ривожланиши фонида фаровонлик ошиши туфайли Яқин Шарқдаги инқирозга нисбатан барқарорлигини сақлаб қолмоқда. Европада талаб, жумладан, туристик харажатлар ҳисобига қўллаб-қувватланмоқда, деб ёзади «CNBC».
«Bernstein» таҳлилчиси Солканинг таъкидлашича, агар март ойида Яқин Шарқда люкс брендлар сотуви икки бараварга қисқарса, у буни энг ёмон сценарий деб атайди, бу тармоқдаги кўплаб компаниялар учун чораклик ўсишни тахминан 1 фоиз пунктга пасайтиради.
Ҳаммаси шунчалик ёмонми?
Пасайиш унчалик катта бўлмаслиги мумкин, деб қайд этади «CNBC». Яқин Шарқдаги дўконлар ва савдо марказлари бўш қолиши мумкин бўлса-да, кўплаб компаниялар мижозларга тўғридан тўғри уйга етказиб бериш орқали сотувни давом эттирмоқда. Шунингдек, Дубайни тарк этган бой мижозлар бошқа мамлакатларда ҳам люкс товарларга сарф-харажат қилишни давом эттириши мумкин.
«Биз мулоқот қилаётган компанияларнинг аксарияти Яқин Шарқда [сотувлар] ҳалокатли даражада пасайганини айтмаяпти. Охир-оқибат, агар вазият фақат март ойи билан чекланса, бу катта таъсир кўрсатмайди», – деди Солка.
«CNBC» ёзишича, Дубайнинг муваффақиятини таъминлаган бошқа омиллар – даромад солиғининг йўқлиги, сиёсий барқарорлик, иқлим – ўзгармасдан қолмоқда. «Henley & Partners» маълумотларига кўра, 2014-йилдан бери шаҳардаги миллионерлар сони икки баробарга ошиб, 81 мингдан ошган. 2025-йилда Дубайга тахминан 9,8 минг нафар миллионер кўчиб ўтган ва улар билан бирга 63 миллиард доллар капитал олиб келган – бу дунёдаги исталган бошқа мамлакатдан кўпроқ. Асосий оқим Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон ва Европа ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган бой шахслар ҳисобига таъминланган. Шунга қарамай, Яқин Шарқдаги уруш фонида Дубайнинг хавфсиз ҳудуд сифатидаги обрўси зарба остида қолган, дея таъкидлайди телеканал.
«Morgan Stanley» маълумотларига кўра, БААда люкс товарларга қилинган харажатларнинг тахминан 60 фоизи туристлар ҳиссасига тўғри келади, уларнинг 60 фоизи Россия, Саудия Арабистони, Хитой ва Ҳиндистондан келган меҳмонлардир. Қолган 40 фоизнинг тахминан ярми эса мамлакатда яшовчи хорижий фуқаролар ҳиссасига тўғри келади ва улар ҳам узоқ муддатли яшаш режаларини қайта кўриб чиқиши мумкин.





