Маданият вазирига тўрт ўринбосар тайинланди
Вазирнинг биринчи ўринбосарлари Баҳодир Аҳмедов ва Авазхон Тожихонов ҳамда яна икки ўринбосар бошқа ишга ўтиши сабаб лавозимидан озод этилди.
© Kollaj: Vaqt.uzЎзбекистон президентининг тегишли қарорлари билан маданият вазири Озодбек Назарбековга тўрт ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тайинловга кўра, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев вазирнинг биринчи ўринбосари бўлди. Вазир Назарбековнинг яна бошқа биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори этиб Жаҳонгир Аҳмедов тайинланди.
Одилжон Абдуқаҳҳоров ҳамда Санжар Бобожонов маданият вазирининг ўринбосарлари сифатида иш бошлайди. Бобожонов шу муносабат билан Ўзбекистон президентининг маданият бўйича вакили бўлинмасининг бош инспектори лавозимидан озод этилди.
Қайд этилишича, маданият вазирининг биринчи ўринбосарлари Баҳодир Аҳмедов, Авазхон Тожихонов ҳамда вазир ўринбосарлари Муроджон Мажидов, Юсуфжон Усмонов бошқа ишга ўтиши сабаб лавозимидан озод этилган.
Бундан ташқари, Ғиёсиддин Ражабов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон президентининг маданият бўйича вакили лавозимидан озод этилди. У жорий йилнинг апрель ойида ушбу ишга ўтказилганди. Унинг ўрнига шу пайтгача Креатив индустрия парки директори лавозимида ишлаб келган Ҳасан Салихов қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳам лавозимидан озод этилди. Унинг вориси этиб Дилнозахон Каттахонова тайинланди. Шунингдек, ушбу тайинловлар доирасида Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов ишдан бўшатилиб, бошқа жойга раҳбар этиб қўйилди. Музаффар Комилов эса президентга диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчи бўлди.





