Logo

Марказий банк фирибгарликни аниқлаш тизими учун янги талабларни жорий этмоқда

Янги талаблар банк ва тўлов ташкилотларидаги антифрод тизимлари 24/7 ишлаб, шубҳали операцияларни реал вақт режимида баҳолайди ҳамда фирибгарлик аломатларини аниқлайди.

Марказий банк фирибгарликни аниқлаш тизими учун янги талабларни жорий этмоқда © vaqt.uz

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг ахборот тизимларида шубҳали операцияларни аниқлашга қўйиладиган умумий талабларни белгиловчи низом лойиҳасини ишлаб чиқди ва у 9-октябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжат мобил иловалар, интернет-банкинг, банк карталари ва электрон ҳамёнлардан фойдаланишда юзага келадиган фирибгарлик хатарларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалаларини қамраб олади.

Антифрод тизимлари қандай ишлайди?

Лойиҳага кўра, антифрод тизимлари сутка давомида узлуксиз ишлаши ва операцияларни реал вақт режимида баҳолаши керак. Бунда шубҳали ҳолатни аниқлаш учун бир нечта белги биргаликда ҳисобга олинади ва операцияга хавф даражаси бўйича баҳо берилади.

Агар мижознинг операциясида фирибгарлик аломатлари аниқланса, қўшимча текширув ўтказилиши мумкин. Хусусан, ижтимоий муҳандислик аломатлари аниқланган ҳолатларда мижозни қўшимча верификациядан ўтказиш таклиф этилади.

Антифрод тизимларида қўлланадиган моделлар ҳам мунтазам текшириб борилади. Уларни камида ҳар чоракда баҳолаш талаби белгиланмоқда.

Фирибгарлик ҳақида маълумот алмашилади

Лойиҳада шубҳали операциялар ва янги фирибгарлик схемалари ҳақида молия бозори иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш ҳам кўзда тутилган.

Йирик фирибгарлик ҳолатлари юз берганда Марказий банкни хабардор қилиш, мижозларнинг шубҳали операциялар бўйича мурожаатларини эса сутка давомида қабул қилиш талаби жорий этилиши мумкин.

Низом лойиҳаси Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Сингапур ва бошқа мамлакатларнинг фирибгарликка қарши курашиш тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.

Марказий банкнинг қайд этишича, янги талаблар молия секторида антифрод тизимларига нисбатан ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, улар фирибгарлик хатарларини олдиндан аниқлаш ва мижозлар маблағларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид