
Марказий банк вояга етмаганларнинг картадан фойдаланиш тартибини тушунтирди
Банк ва тўлов ташкилотларига вояга етмаган фуқароларга электрон тўловлардан фойдаланишни енгиллаштириш учун янги кўрсатмалар юборилган.

Марказий банк ижтимоий тармоқларда вояга етмаганлар банк карталарини очиш ва мобил иловаларга улаш жараёнида биометрик идентификация билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани ҳақидаги фикрларга расмий муносабат билдирди. Ташкилотга кўра, биометрик талаблар аввало фирибгарлик ҳолатларини чеклаш учун жорий этилган.
Маълумот учун, Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ, «Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»га киритилган ўзгаришлар орқали 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқароларга банкларда ҳисобварақни мустақил очиш ҳуқуқи берилган эди. Бу орқали ёшлар молиявий хизматлардан мустақил тарзда фойдаланиш имкониятига эга бўлганди.
Шу билан бирга, банк карталари билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида мобил иловаларда «янги рўйхатдан ўтиш», «паролни тиклаш» ва «бошқа қурилмадан аккаунтга кириш» каби амалиётларда Face-ID орқали тасдиқлаш механизми сақлаб қолингани таъкидланди. Марказий банк бу талаб хавфларни минималлаштириш ва мижозларнинг маблағларини ҳимоя қилишга қаратилганини қайд этди.
Мавжуд шикоятлардан келиб чиқиб, Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига вояга етмаганлар учун мобил илова орқали электрон тўлов хизматларини тақдим этиш имкониятларини яратиш бўйича кўрсатма йўллаган. Шу билан бирга, юқори хатарли амалиётлар учун қўшимча идентификация сақланиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Ташкилотнинг таъкидлашича, қисқа вақт ичида бўшлиқлар бартараф этилиб, 14–18 ёшли фуқаролар мобил иловалар орқали ўз карталаридан тўлиқ фойдаланиш имконига эга бўлади. Марказий банк жамиятдаги эътирозларни инобатга олган ҳолда, тизимни ҳам техник, ҳам хавфсизлик жиҳатидан оптималлаштириш ишлари давом этаётганини ҳам қўшимча қилди.





