add

Марказий банкдан барча тижорат банкларига огоҳлантириш

Кеча 13:154112 дақиқа

Айрим тижорат банклари мобил иловалар орқали истеъмолчиларга мажбурий оферталар ва асоссиз комиссияларни қўллаётганини аниқланган.

Марказий банкдан барча тижорат банкларига огоҳлантириш

Марказий банк барча тижорат банкларига банк хизматларида адолатсиз ва инсофсиз амалиётларга чек қўйиш бўйича талабнома юборди. Бу ҳақда регулятор ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Марказий банк банклар томонидан истеъмолчиларга фақат бир хизматдан фойдаланиш истаги мавжуд бўлса ҳам, уларга умумий «бош оферта» орқали бир нечта хизматларга мажбурий розилик олаётганини аниқлаган. Бундай оферталар кўп саҳифали бўлиб, барча турдаги хизмат шартларини ўз ичига олади ва фойдаланувчини ўз хоҳишидан ташқари шартларга рози бўлишга мажбур қилади.

Марказий банкнинг таъкидлашича, мобил иловалардаги шартномаларни кўплаб фойдаланувчилар тўлиқ ўқиб чиқмайди ёки уларнинг мазмунига чуқур тушунмай туриб тасдиқлайди.

Айрим банклар эса айнан мана шу эътиборсизликдан фойдаланиб, бир нечта хизмат шартларини бирлаштирилган оферта орқали тақдим этиб, истеъмолчининг умумий розилигини олишга интилади. Бу эса келгусида банк ва мижоз ўртасида низолар келиб чиқишига замин яратади.

Муаммолардан яна бири кредит карталаридаги муддати ўтган қарздорликка доир амалиётлардир. Айрим банклар бундай карталарни автоматик блоклаб, мижоз қарзини тўлаш учун маблағ киритганидан кейин ҳам асоссиз комиссия ундирмоқда. Бу ҳолат истеъмолчининг ўз мажбуриятини бажаришини қийинлаштиради ва юқори инстанцияларга шикоятлар кўпайишига олиб келади.

Маълумот учун, Фуқаролик кодексининг 787-моддасига кўра, мижоз маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш фақат қонунда белгиланган ҳоллардагина мумкин. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 9-моддаси фуқаролик муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, адолатли ва оқилона фаолият юритишини талаб қилади. «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида эса шартнома предметига алоқаси йўқ шартларни мажбуран қабул қилдириш устун музокара кучидан ноқонуний фойдаланиш сифатида белгиланган. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун ҳам банкка мижозни бошқа хизматдан фойдаланишга мажбур қилишни қатъий тақиқлайди.

Марказий банк ушбу амалиётларни адолатга зид ва мазмунан инсофсиз деб баҳолаган. Банклардан оферталарни фақат танланган хизмат доирасида аниқ ва ошкора тақдим этиш, устун музокара кучини суиистеъмол қилмаслик, комиссияларни белгилашда эса ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиш талаб қилинган.

Теглар

Мавзуга оид