Logo

Меҳнат мигрантлари учун пенсия бадалини хориждан тўлаш имконияти яратилади

Хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига пенсия стажини шакллантириш учун ижтимоий солиқни четдан туриб тўлаш имконини берувчи механизм ишлаб чиқилмоқда.

Меҳнат мигрантлари учун пенсия бадалини хориждан тўлаш имконияти яратилади

Хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг пенсия стажини ҳисоблаш масалалари пенсия ислоҳоти лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ўрганилган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси мутасаддилари 25-сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Пенсия жамғармаси директори ўринбосари Нуриддин Шодихўжаевнинг маълум қилишича, бу борада икки йўналишда иш олиб борилмоқда.

Биринчи йўналиш хорижда ишлаётган фуқароларга Ўзбекистон Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш имкониятини беришни назарда тутади. Амалдаги тартибга кўра, фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахслар сингари минимал миқдорда — 440 минг сўм ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.

Қонунчиликка киритилган ўзгартириш асосида фуқаро Ўзбекистонга қайтганидан кейин уч йил давомида аввалги даврлар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаш имконига эга. Ҳар бир йил учун 440 минг сўмдан тўланган бадал тегишли даврни пенсия стажига киритиш учун асос бўлади.

Иккинчи йўналиш хорижий давлатлар билан пенсия таъминоти бўйича давлатлараро битимлар тузишни назарда тутади. Ҳозирга қадар Озарбайжон ва Қирғизистон билан тегишли келишувлар имзоланган.

Бундай битимлар асосида фуқаронинг турли давлатларда расмий ишлаган даврлари алоҳида ҳисобга олинади. Масалан, фуқаро Озарбайжонда 10 йил, Ўзбекистонда 5 йил расмий ишлаган бўлса, ҳар бир давлат унинг ўз ҳудудида ишлаган даври учун пенсия мажбуриятларини бажаради.

Пенсия жамғармаси маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари кўп меҳнат қилаётган Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан ҳам пенсия таъминоти бўйича шундай келишувларни амалга ошириш масаласи устида иш олиб борилмоқда.

Мигрантлар учун пенсия бадалини хориждан тўлаш имконияти яратилади

Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атаджановнинг айтишича, хорижда ишлаётган фуқаролар учун Migrant pensiya иловасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Марказий банк, тижорат банклари, Asterium, Telegram Wallet ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари билан шуғулланувчи ташкилотлар билан музокаралар ўтказилган.

Ҳозирда хорижда ишлаётган фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўлаши учун ҳуқуқий асос мавжуд. Бироқ амалдаги тизимда ушбу тўловни хориждан туриб амалга оширишнинг техник имконияти йўқ.

Янги механизм орқали мигрантлар хорижда бўлган вақтида ўша давлатда фойдаланиладиган илова ёки тўлов тизими орқали пенсия бадалини тўлаши, маблағ эса Ўзбекистон Пенсия жамғармасига ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Пенсия жамғармаси вакилининг маълум қилишича, мазкур механизмни амалиётга жорий этиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Меҳнат мигрантлари учун пенсия бадалини хориждан тўлаш имконияти яратилади | Vaqt.uz