add

«Метан»га қўйилган чеклов, 200 грамм мих ютган эркак, олтини ортаётган Ўзбекистон, самарқандлик 15 ёшли куёв — ҳафта дайжести

Кеча 17:556 дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Якунлаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда ва қўшни давлатларда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни эсга оламиз. Бугун ҳафталик дайжестимизда:

  • «Метан» шохобчаларига қўйилган чеклов

  • Олтин захираси ортиб бораётган Ўзбекистон

  • 200 грамм михни ютиб юборган эркак

  • Самарқандлик 15 ёшли куёв

«Метан»га яна чеклов

Қиш мавсумида газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар яна трендда. Ҳафта ичида республика бўйлаб метан газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига навбатдаги чекловлар жорий этилди.

8 январдан бошлаб республика бўйлаб автомобилларга метан газ тўлдириш компрессор шохобчалари соат 10:00 дан 16:00 гача ишлайди. Водийда эса метан «заправкалар» қачон ишлашини маҳаллий ҳокимликлар ҳал қилиши белгиланган. Яъни, шохобчалар махсус кўрсатма берилгунга қадар умуман ишламайди.

Энергетика вазирлигининг қайд этишича, магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётганлиги сабабли биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

«Бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қиламиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Бойсунда сизиб чиққан нефт

Ижтимоий тармоқларда Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони яқинида нефт сизиб чиқиши билан боғлиқ видеолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар буни Мингбулоқда отилиб чиққан нефт билан қиёслаб, улкан нефт кони топилганига ҳам йўйишди. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, бу шунчаки газ конидаги ёндош нефт суюқлиги бўлиб, уни қайта ишлаб, нефт маҳсулотлари олиб бўлмайди.

Энергетика вазирлиги ҳолатни тасдиқлаб, нефт суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудуд атрофида ҳамда сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилганини маълум қилди.

Шунингдек, йиғиб олинаётган нефт суюқлиги узлуксиз равишда махсус изоляцияланган 2 та ҳовузга йиғилаётгани маълум қилинди. У ерда нефт суюқлигини хавфсиз сақлаш ҳамда кейинчалик ундан самарали фойдаланиш имконини беради.

Ҳозир мазкур ҳолат доимий назоратда бўлиб, нефт суюқлиги жиловланган ва дастлабки кунларда каналга оқиб чиққан нефт суюқликлари тозаланмоқда.

Гўштини ейиш учун ит боққан эркак

Бу ҳафта Тошкент вилоятида ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Янгийўлда фуқаро ўз итини гўштини ейиш учун ўлдиргани аниқланди.

Маълум қилинишича, Call-марказига Янгийўллик фуқаро мурожаат қилиб, танишидан итни ўлдириш жараёни акс этган видеоларни олганини билдирган. Шундан сўнг «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти Ички ишлар вазирлигига расмий мурожаат юбориб, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилган шахсни аниқлаш ва унга қонуний чора кўришни сўраган.

«Эколог» жамоат бирлашмаси олиб борган тезкор текширувда ушбу шахс 30 ёшли, Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро экани аниқланди. У ўз уйида итларни, жумладан ўз итини ҳам мунтазам равишда ўлдириб, гўштини истеъмол қилиб келгани маълум бўлди.

Жамоатчилик фаоллари бу шахсга қонуний чора кўрилишини сўраган. Қонунчиликка кўра, ҳайвонларга шафқатсиз муносабат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

«Права» учун имтиҳон нархи ошди

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизмат кўрсатувчи Ягона имтиҳон марказида имтиҳон топшириш нархи 50 фоизга оширилган. Бу ҳақда марказнинг оммавий офертасида келтирилган.

Унга кўра, эндиликда биринчи марта амалий ва назарий имтиҳон топшириш нархи 1 млн 500 минг сўмни ташкил қилади. Умумий имтиҳон топшириш нархи эса 3 млн сўм. Ҳужжатга кўра, назарий ва амалий имтиҳонлардан ҳар бирини қайта топшириш нархи — 1 млн 600 минг сўм.

Маълумотларга кўра, ушбу оферта шартлари 6 январдан кучга кирган.

Қайд этиш керак, 7-январгача имтиҳон топшириш нархи биринчи марта 1 млн сўм (назарий ва амалий умумий – 2 млн сўм), қайта топшириш эса 1 млн 200 минг сўм эди.

Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ шахснинг пуллари «ухлатилди»

Humans иловаси орқали шaxсий маблағларидан айрилган фойдаланувчилар сони очиқланди. Сўнгги маълумотга кўра, 2 мингдан ортиқ фойдаланувчи қарийб 7 млрд сўм маблағидан маҳрум бўлган.

Ўғирлик 2025 йил декабр ойи бошида рўй берган, ўшанда Humans компанияси ва Paylov тўлов хизмати бир-бирини айблаб баёнотлар берганди.

7 январ куни Марказий банк Humans компаниясига тўлов хизматларини тақдим этган «Octogram» АЖ (Paylov савдо белгиси) тўлов ташкилотида текширув якунланганини маьлум қилди. Текширув натижалари бўйича тузилган маълумотнома Ички ишлар вазирлигига ҳуқуқий баҳо бериш ва ўз ваколати доирасида чоралар кўриш учун тақдим этилган.

Марказий банкка кўра, жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши керак.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

200 грамм мих ютиб юборган эркак

Сўнгги кунларда ноодатий ва ҳайратланарли воқеаларнинг гувоҳи бўляпмиз. Бу ҳафта Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолатлардан бири аниқланди: Самарқандда 29 яшар эркакнинг 200 грамм мих ва бошқа металл буюмларни ютиб юборгани маълум бўлди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали хабарига кўра, муассасага 29 ёшли фуқаро қорин соҳасида кучли оғриқ билан келтирилган. Шошилинч қабул бўлимида ўтказилган диагностика ва лаборатория таҳлилларига кўра беморнинг меъда ичак тизимида катта миқдорда ёт жисмлар яъни мих ва бурама мих борлиги аниқланган.

Маълумотга кўра, эркак қаттиқ стрессга тушгани ва ўз хатти-ҳаракатларини назоратга олмаган ҳолда ушбу жисмларни ютгани айтилмоқда.

Беморда шошилинч равишда лапаротомия, гастростомия усулида жарролик амалиёти ўтказилиб, қорин бўшлиғидан мих ва бошқа турдаги метал жисмлар олиб ташланган. Ҳозирги вақтда беморнинг аҳволи қониқарли.

Олтин заҳираси ортиб бораётган Ўзбекистон

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларга етиб, рекордни янгилади.

Марказий банк маълумотига кўра, декабр ойида захиралар 5 миллиард доллардан ортиқга кўпайди ва йил бошидан буён ўсиш суръати 61 фоизни ташкил этди. Ўсишнинг асосий қисми жаҳон бозорларида олтин нархининг кескин кўтарилиши ҳисобига таъминланган.

Олтин-валюта захиралари таркибида олтиннинг улуши ҳали ҳам катта бўлиб, жисмоний ҳажми 12,6 миллион троя унциясига етди.

15 ёшли куёв

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 15 ёшли бола уйлангани ҳақида хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, видеони Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро ижтимоий тармоққа жойлаган. Дастлабки кадрлар 2025 йил ноябрь ойида Пастдарғом туманидаги тўйхонада бўлиб ўтган тўй маросимида, кейинги кадрлар эса бошқа тўйхонада тасвирга олинган. Видеода кўрсатилган болалар билан тўй ҳақиқатан ҳам бўлмаган, икки тасвир аниқланган фуқаро томонидан бирлаштирилиб, ягона видеоролик шаклида тайёрланган. Мақсад — ижтимоий тармоқда обуначилар сонини ошириш бўлган.

Ҳозирда Пастдарғом тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, видеони жойлаган фуқаро ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Қўшимча қонуний чоралар ҳақида маълумот берилади.

Эрондаги намойишлар

Сўнгги кунларда Эронда оммавий намойишлар авж олмоқда. Риёл курси кескин қулагани ва инфляция кучайгани ортидан бошланган кўча намойишлари кетма-кет 12-кун давом этмоқда. Пайшанба куни, 8 январ куни намойишчилар Теҳрондаги асосий магистрал йўллардан бири — Оятуллоҳ Кошоний булварини тўсиб қўйди.

Намойишчилар асосан Теҳрон, Машҳад ва Кирмоншоҳда кўчага чиқиб, гиперинфляция ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиб кетишига норозилик билдирмоқда. Хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўлламоқда ва полиция машиналари ёнгани хабар қилинган.

Ҳукумат интернетга киришни тўлиқ чеклаб, мамлакатда деярли умуммиллий «интернет блэкаути» юзага келди. Фақат амалдорлар ва куч тузилмалари интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.

Эрондаги норозиликлар ортидаги иқтисодий таназзул ҳам аниқ: миллий валюта риал рекорд даражада қулаган ва озиқ-овқат инфляцияси юқори бўлган. Namoyishlar натижасида камида 45 нафар одам ҳалок бўлган, улар орасида 8 нафар вояга етмаган ҳам бор.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон раҳбариятини огоҳлантириб, аҳолига зўравонлик қила бошласа, қатъий чора кўрилишини билдирди.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 15

Барчаси

Мавзуга оид