
Микромолия хизматлари ҳажми 9 ойда 104 трлн сўмга етди
2025 йил январ–сентабр ойларида микромолия бозори сезиларли кенгайиб, унинг кредитлар бозоридаги улуши 34 фоиздан ошган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил январ–сентябрь ойларида микромолия хизматлари ҳажми 104 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўпдир.
Бозордаги асосий улушни банклар эгаллаб, уларнинг ҳиссаси 79,5 фоизни ташкил қилади. Микромолия ташкилотлари улуши 18,5 фоиз, ломбардлар ҳиссаси эса 2 фоизга тенг.
Ҳисобот даврида микромолия ташкилотлари томонидан тақдим этилган 19 трлн сўмлик хизматларнинг 73 фоизи ёки 13,9 трлн сўми учта йирик ташкилотга тўғри келгани қайд этилган.
Йилнинг биринчи тўққиз ойида жами 83 трлн сўмлик микроқарзлар ва 21 трлн сўмлик микрокредитлар ажратилган. Микроқарзлар умумий портфелнинг 80 фоизини ташкил этиб, бир йил ичида 6 фоиз бандга ўсган. Микрокредитлар улуши эса 20 фоиз даражасида шаклланган.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди — 64 фоиз. Энг юқори ўсиш суръатлари ҳам Тошкент шаҳрида, шунингдек Қашқадарё ва Хоразм вилоятида кузатилган.





