«Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги аварияни бартараф этишга Хитой компанияси жалб қилинди
Президент иштирокидаги тақдимотда Сурхондарё вилоятидаги газ конида юзага келган аварияни бартараф этиш ишлари муҳокама қилинди.

Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юзага келган аварияни бартараф этиш ишларига Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинди. Бу ҳақда 5 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар муҳокамасига бағишланган тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда берилган маълумотларга кўра, ҳозирда аварияни бартараф этиш учун махсус техника ва ускуналар иш жойига олиб борилмоқда, шунингдек, қудуқларни бурғилаш жойларида тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Жараённинг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
Авария ва ундан кейин қудуқни ёпишга уринишлар
Авария 2024 йил сентябрь ойида кондаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари вақтида юзага келган. Расмий маълумотларга кўра, 1 сентябрь куни қудуқда технологик жараён бузилиши оқибатида водород сульфид гази чиқиши кузатилган. 17 сентябрь куни эса қудуқ яқинида яна бир техноген ҳодиса содир бўлиб, тўрт киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.
2024 йил сентябрь ойида авария оқибатларини бартараф этиш учун республика даражасидаги вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат тезкор штаб тузилган. 15 сентябрь куни 604-сонли қудуқ герметикланган ва табиий газ сизиб чиқиши тўхтатилгани маълум қилинган эди. Бироқ кейинчалик кондаги авария билан боғлиқ муаммо тўлиқ бартараф этилмаган.
2025 йил март ойида қудуқда яна портлаш юз берган. Ўша вақтда Энергетика вазирлиги газ чиқишининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида қудуқ ёқилганини маълум қилган. Кейинроқ, 2025 йил май ойида ҳам қудуқда такрорий портлаш қайд этилган.
2026 йил февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев Бойсунга ташрифи давомида кондаги мураккаб технологик масала бўйича ҳамкорлар билан илмий ечим топилганини маълум қилган.
Шундан сўнг аварияни бартараф этиш ишлари учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш жараёни бошланган.
2026 йил июнь ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов авария оқибатларини 2027 йилнинг биринчи ярмига қадар тўлиқ бартараф этиш режалаштирилганини маълум қилган. Аварияни бартараф этиш ишларига Хитойнинг CNPC компанияси таркибидаги мутахассислар жалб қилингани айтилган.
15 август куни эса авариявий қудуқни ёпиш бўйича амалий ишлар расман бошланган. Лойиҳа доирасида Хитойнинг CNPC корпорацияси мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва қудуқни ёпиш бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилиши хабар қилинган.
Ҳозирги босқичда махсус техника ва ускуналар конга сафарбар қилинмоқда, қудуқларни бурғилаш жойларида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 5 октябрдаги тақдимотда аварияни бартараф этиш жараёнининг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилди.
Авария оқибатларини тўлиқ бартараф этиш муддати сифатида 2027 йилнинг биринчи ярми кўрсатилган.





