Logo

Намангандаги 5 ёшли қизалоқнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилади

Бугун 18:252 дақиқа

Учқўрғонда жинсий зўравонликка учраган 5 ёшли қизалоқ ва унинг оиласи уй-жой ҳамда реабилитация билан таъминланиб, бошқа шаҳарга кўчирилади.

Намангандаги 5 ёшли қизалоқнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори маълум қилишича, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида жинсий зўравонликка учраган 5 ёшли қизалоқнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчиб ўтади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.

Унинг қайд этишича, фожиа юз берганидан бери идора вазиятни назорат қилиб келмоқда. Илк кунлардан мутахассислар ҳамда психологлар қизалоқ ва унинг онаси билан ишламоқда. Бу оғир дамда оилага барча зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда.

Улар уй-жой ва зарур реабилитация билан таъминланади. Оилага тўлиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, қизалоқнинг онасига ўқиш ва ишга жойлашишида ёрдам берилади. Зарур бўлса, фамилияси ва бошқа шахсий маълумотларини ўзгартиришга ҳам кўмаклашилади.

«Энг муҳими, болажон ва унинг яқинлари хавфсиз жойда янги ҳаёт бошлашлари учун барча зарур шароитлар яратилади», — деди Шаҳноза Мирзиёева.

Унинг қўшимча қилишича, Президент Администрацияси бу масалани алоҳида назоратга олган. Барча масъул идоралар илк кунларданоқ ишга жалб қилинган.

Бундан аввал Наманган вилоятидаги ҳолат бўйича Президент Администрацияси раҳбари муносабат билдириб, жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилишини, бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланишини маълум қилганди.

Гумонланувчи қамоқда

Болалар омбудсмани маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ҳамда 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган К.М. шу куни процессуал тартибда ушланган. Суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган. Айни вақтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча давлат боғчаларида текширув

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар беришича, таълим ташкилотининг воқеага дахлдор деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Шунингдек, бундай ҳолатларнинг бошқа мактабгача таълим ташкилотларида ҳам такрорланишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳозирда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид