Logo

Навоийда ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган 23 киши ушланди

Бугун 10:581 дақиқа

Улар Жизлон тоғ тизмасида яширинча маъданларни қазиш ва уларга ишлов бериш билан шуғулланиб келган.

Навоийда ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган 23 киши ушланди © Videodan kadr

Навоий вилоятида таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини маҳаллий усулда ноқонуний қазиш билан шуғулланиб келган 23 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги тадбирлари давомида аниқланган. Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати ҳамда Навбаҳор тумани Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан Навбаҳор тумани тоғ тизмаларида назорат-рейд тадбирлари ўтказилган.

Рейд жараёнида 1995, 2002 ва 2005 йилларда туғилган шахслар ушланган. Аниқланишича, улар туманнинг Жизлон тоғ тизмасида яширинча маъданларни қазиш ва уларга ишлов бериш билан шуғулланиб келган. Тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилганда, Навбаҳор тумани тоғ тизмаларида худди шундай фаолият юритган яна бешта жиноий гуруҳ фош этилган. Жиноий гуруҳ аъзолари орасида вояга етмаганлар ҳам бўлгани маълум қилинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида қўлбола ускуналар ёрдамида таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини маҳаллий усулда қазиш билан шуғулланган жами 23 нафар шахс қўлга олинган. Уларга тегишли электр қурилмалари ва электромоторлар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 196-2-моддаси (фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид