Нима учун гўшт рекорд даражада қиммат?
АҚШда мол гўшти 2020 йилдан бери қарийб 70 фоизга қимматлади, бироқ уни қайта ишловчи йирик компаниялар зарар кўрмоқда. The Economist бунга қорамоллар сонининг камайиши ва подаларни тиклаш узоқ вақт олишини асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ҳам чорва сони аввалги ҳисоб-китоблардагига қараганда кам чиқди, импорт гўшти эса қимматлашди. Бу ҳолатлар нархлар нега юқорилигини тушунишга ёрдам беради.
© BloombergГўшт нархи ошса, уни сотаётганлар ҳам кўпроқ фойда олаётгандек туюлади. АҚШдаги вазият эса нарх билан фойда ҳар доим ҳам бирга ошмаслигини кўрсатмоқда.
2020 йилдан бери мамлакат дўконларида мол гўшти қарийб 70 фоизга қимматлаган. Бу шу даврдаги умумий инфляцияга нисбатан икки баробардан ҳам ошиқ.

Фото: АҚШ супермаркетидаги гўшт бўлими. Getty Images
Нархлардан норози америкаликларга президент Дональд Трамп айбдорларни кўрсатмоқда: унинг фикрича, муаммо фермерлардан қорамол сотиб олиб, уни сўядиган ва гўштни бозорга етказадиган йирик компанияларда.
Трамп август ойида Truth Social тармоғида уларни «қабиҳ монополия» деб атади. Бироқ The Economist ёзишича, рекорд нархларга қарамай, бу корхоналарнинг молиявий аҳволи ёмонлашмоқда.
АҚШда қорамол сўйиш бозорининг 85 фоизи атиги тўртта компания — Tyson Foods, Cargill, JBS ва National Beef ҳиссасига тўғри келади. Яъни бозор ҳақиқатан ҳам саноқли йирик иштирокчилар қўлида жамланган.
Уларнинг фаолияти аввал ҳам рақобатга оид эътирозларга сабаб бўлган. Tyson, Cargill ва JBS 2014–2022 йилларда нархларни келишиб белгилаганлик ҳақидаги даъволар бўйича АҚШда суд ишларида иштирок этган. Компанияларнинг барчаси қонунбузарлик қилганини рад этган.
Шунга қарамай, ҳозирги қимматлашув уларга катта фойда келтираётгани йўқ. Энг йирик компания — Tyson акциялари 2021 йилдан бери 40 фоизга арзонлаган. Компания 3 сентябрда фойда прогнозини пасайтирганидан кейин эса акциялар яна 7 фоизга тушган.
Tyson тушумининг 40 фоизини таъминлайдиган мол гўшти йўналишида бу йил зарар 775 млн долларгача етиши кутилмоқда. Шу бизнесдаги муаммолар компаниянинг умумий операцион фойда маржасини 2021 йилдаги 8,5 фоиздан 2,6 фоизгача туширган. Бошқача айтганда, тушумнинг ҳар 100 долларига тўғри келадиган операцион фойда 8,5 доллардан 2,6 долларгача камайган.
Бразилиянинг JBS компанияси ҳам Шимолий Америкадаги бизнеси 2026 йилнинг биринчи ярмида 427 млн доллар зарар кўрганини билдирган.

Фото: yson Foods’нинг Дакота-Ситидаги корхонасида гўштни қайта ишлаш жараёни. KALW
Бунинг сабабини тушуниш учун гўшт нархидан олдин чорва сонига қараш керак.
The Economist маълумотига кўра, 2020 йилдан бери АҚШдаги қорамоллар сони қарийб ўндан бирга қисқариб, 1951 йилдан буён энг паст даражага тушган. Шу даврда гўшт учун боқиладиган новвос нархи 120 фоизга ошган.
Натижада қайта ишловчи корхоналар қорамолни аввалгидан анча қимматга сотиб олмоқда. Дўкондаги мол гўшти нархи ҳам ошган, аммо тирик мол нархичалик тез эмас.
Харидорларнинг имконияти эса чекланган. Мол гўшти қимматлашгани сари америкаликлар товуқ гўштига кўпроқ ўтмоқда. Унинг нархи инфляция ҳисобга олинганда деярли ўзгармаган. Шу сабабли қайта ишловчилар ошаётган харажатларини тўлиқ харидор зиммасига юклай олмаяпти.
АҚШ гўшт саноати тарихига бағишланган «Red Meat Republic» китоби муаллифи Жошуа Спехт бу тармоқдаги кўтарилиш ва пасайишларни чорванинг биологик цикли билан изоҳлайди.
Жараён одатда қурғоқчиликдан бошланади. Ем-хашак қимматлашади, чорвадорлар эса харажатларни камайтириш учун подаларини қисқартиради. Кейинчалик бозорда қорамол камайиб, нархлар кўтарилади. Юқори нарх фермерларни яна чорва сонини оширишга ундайди.

Фото: Tехасдаги ранчода қорамоллар. Reuters
Аммо подани тиклаш учун қарийб беш йил керак бўлади. Шу боис тармоқдаги бундай цикл одатда ўн йилга яқин давом этади.
АҚШ чорвадорлари буни аввал ҳам бошдан кечирган. Бир неча йиллик қурғоқчилик ортидан 2014 йилга келиб подалар қисқарган ва қорамол танқислиги юзага келган. Нархлар энг юқори даражага чиққач, фермерлар бир вақтда чорва сонини имкон қадар тез кўпайтиришга киришган.
Bernstein таҳлилчиси Алексия Ҳоварднинг айтишича, натижада қисқа вақт ичида бозорда нархлар кескин тушиб кетган. Ўша тажриба ҳозир чорвадорларни эҳтиёткор бўлишга ундамоқда. Ҳозирча улар подаларни қайта кўпайтиришга киришганининг аломатлари кўринмаяпти.
Қайта ишловчи компаниялар эса харажатларини қисқартириш учун корхоналарини ёпмоқда.
Август ойида Tyson Иллинойс ва Ютадаги заводларини ёпиб, қарийб 3 200 та иш ўрнини қисқартирди. Компаниянинг мол гўштини қайта ишлаш қуввати тахминан 15 фоизга камайди. Cargill бу йил Висконсиндаги заводини ёпди. JBS эса Пенсильвания ва Теннесси штатларидаги корхоналарини ёпиб, 2 минг кишини ишдан бўшатди.
Трамп маъмурияти муаммони воситачиларни камайтириш орқали ҳал қилмоқчи. 31 августда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазири «Аввало чорвадорлар» ташаббусини эълон қилди. У фермерларнинг ўз гўштини мустақил қайта ишлашини осонлаштириш ва кичик сўйиш корхоналарига молиявий ёрдам беришни назарда тутади.
Бироқ Техас A&M университети мутахассиси Девид Андерсоннинг фикрича, бу ўзгаришлар нархларга сезиларли таъсир қилмайди. Дастур орқали бозорга чиқадиган гўшт ҳажми умумий вазиятни ўзгартириш учун жуда кичик бўлади.
The Economist хулосасига кўра, чорвадорлар подаларини тикламагунича, қайта ишловчиларнинг зарари ва харидорлар учун юқори нархлар сақланиб қолади.
Яқинда Ўзбекистонда ҳам гўшт бозоридаги вазиятни тушунтирадиган муҳим маълумот пайдо бўлди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида мамлакатдаги қорамоллар сони аввалги ҳисоб-китоблардагига қараганда 2,1 млн бошга, қўй ва эчкилар сони эса 1,5 млн бошга кам экани маълум бўлди.
Бу чорва бир йил ичида шунчага камайганини англатмаса-да, мамлакатдаги мавжуд чорва сони шу пайтгача амалдагига қараганда кўпроқ ҳисоблаб келинганини кўрсатади.
Демак, ички ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам аввал тасаввур қилинганидан анча чекланган.
Гўшт етиштириш ҳисоботларида ҳам саволлар бор. Vaqt.uz аввалги таҳлилида Миллий статистика қўмитаси эълон қилган ҳажмлар тўғридан-тўғри солиштирилганда, 2026 йил биринчи ярмида тирик вазндаги гўшт етиштириш 4,3 фоизга камайганига эътибор қаратганди.
Қўмитанинг янги ҳисоботида эса 0,9 фоизлик ўсиш кўрсатилган. Мақола эълон қилинган пайтда бу тафовут изоҳланмаган эди.
Шу билан бирга, хориждан олинаётган гўшт қимматлашган. Январь—июлда мол гўшти импорти ҳажми 9,3 фоизга, қиймати эса 30,1 фоизга ошган. Бир килограмм мол гўштининг ўртача импорт қиймати 4,04 доллардан 4,81 долларга — 19 фоизга кўтарилган.
Шу маънода, АҚШдаги вазият Ўзбекистон учун ҳам таниш муаммони кўрсатмоқда: ички таклиф чекланган шароитда гўштни арзонлаштириш қийин.
Ўзбекистонда чорва сони ҳисоб-китоблардагига қараганда кам чиқди, импорт эса аввалгидан қимматга тушмоқда. Булар гўшт нархига босим қилаётган омиллар бўлиши мумкин.
Нархларнинг барқарорлашиши чорвадор қанча мол боқиши, уни қандай харажат билан етиштириши ва бозорга қанча гўшт чиқара олишига ҳам боғлиқ. АҚШ тажрибаси эса юқори нархнинг ўзи чорвани тезда кўпайтиришга етмаслигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда ҳам узоқ муддатли ечим чорва боқишни иқтисодий жиҳатдан манфаатли қилиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришга бориб тақалади.





