ОКМК экологик талабларни бузгани учун жаримага тортилди

Бугун 09:181 дақиқа

ОКМКда аниқланган чиқиндилар ва оқова сувлар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун 48 миллиард сўм компенсация белгиланди.

ОКМК экологик талабларни бузгани учун жаримага тортилди © president.uz

Тошкент вилоятида жойлашган «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ фаолиятида экологик қонунбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Комбинат камчиликлари

Текширувлар давомида корхона ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган хавфли чиқиндиларни қонун талабларига зид равишда очиқ майдонларда сақлагани маълум бўлди. Бу ҳолат атроф-муҳитга, хусусан, ер ва ерости сувларига салбий таъсир кўрсатган.

Шунингдек, Ангрен шаҳридаги кон бошқармасида оқова сувларни тозалаш тизими самарасиз ишлаётгани аниқланган. Мавжуд иншоотлар бўлишига қарамай, ускуналарнинг эскиргани сабабли сувлар тўлиқ тозаланмаган.

Натижада оқова сувлар тозаланмасдан Ангрен дарёсига оқизилгани қайд этилди. Бу эса экологик хавфни янада кучайтирган омил сифатида баҳоланмоқда.

Мажбурий кўрсатмалар

Аниқланган ҳолатлар юзасидан корхонага нисбатан 48 миллиард сўм миқдорида қўшимча компенсация белгиланди. Бундан ташқари, камчиликларни бартараф этиш учун 20 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистонда кон-металлургия соҳаси учун халқаро стандартларга мос экологик талаблар жорий этилган бўлиб, корхоналардан чиқиндиларни камайтириш ва атроф-муҳитга таъсирни қисқартириш талаб этилади.

Теглар

Мавзуга оид