Олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳар йили 70 млрд сўм ажратилади

Бугун 11:252 дақиқа

Грант асосида таълим олаётган бир нафар талабани ўқитиш харажатлари миқдорини шакллантириш тартиби жорий этилади.

Олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳар йили 70 млрд сўм ажратилади © sputnik

2026 йилда Ўзбекистонда олий таълим тизимини ривожлантириш учун қўшимча 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Бу ҳақда президентнинг 10 апрелдаги фармонида қайд этилган.

Ушбу маблағлар давлат бюджети ҳисобидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу соҳа учун 70 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Грантда таҳсил олаётган талабаларни ўқитиш харажатларини шакллантириш

Фармонга мувофиқ, грант асосида таҳсил олаётган талабаларни ўқитиш харажатларини шакллантиришнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда бир талабани ўқитиш харажатлари бир қатор мезонлар асосида ҳисобланади.

Бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган ўртача талабалар сони нисбати;

Таълим йўналишлари (ихтисосликлар) учун талаб этиладиган моддий-техник база;

Кадрлар тайёрлашнинг устувор соҳаларига мослиги;

Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар;

Олийгоҳнинг мақоми ва (ёки) тоифасига кўра илмий тадқиқотга йўналтирилганлиги;

Миллий рейтинг натижаларига кўра олийгоҳнинг даражаси;

Олийгоҳнинг ҳудудий мансублиги;

Олийгоҳни сақлаш билан боғлиқ харажатлар.

Миллий рейтингни шакллантириш

2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим муассасаларини миллий рейтинг асосида молиявий рағбатлантириш тизими жорий этилади. Ушбу рейтинг талабалар сонига устувор йўналишлар кесимида тоифаларга ажратилган ҳолда шакллантирилади.

Олийгоҳлар академик ва илмий фаолияти, халқаро ҳамкорлиги, рақамлаштириш даражаси ҳамда битирувчиларнинг бандлиги каби кўрсаткичлар асосида баҳоланади.

Рейтинг натижаларига кўра, ҳар бир тоифадаги олий таълим муассасаларининг 20 фоизи биринчи даражага, 40 фоиздан иккинчи ва учинчи даражаларга киритилади. Рейтингни юритиш тартиби Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан белгиланади.

Шу билан бирга, давлат илмий дастурлари доирасида илмий-тадқиқот лойиҳаларини танлаш ва молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади. Бунда маблағларни танловсиз тақсимлаш ва бошқа мақсадларга йўналтириш тақиқланади.

Теглар

Мавзуга оид