Ўқитувчиларга ипотека кредити бошланғич тўлови учун субсидия берилади

21.02.2026 | 21:112 дақиқа

2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажига ва олий малака тоифасига эга педагоглар ипотека кредити олишда давлат қўлловига эга бўлади. Бошланғич бадалнинг 25 фоизи субсидия кўринишида қоплаб берилади

Ўқитувчиларга ипотека кредити бошланғич тўлови учун субсидия берилади

2026 йил 19 феврал куни Вазирлар маҳкамасининг олий малака тоифасига эга бўлган педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажи ва олий малака тоифасига, бош ўқитувчи лавозимига эга бўлган педагогларга субсидия берилади. Бунда ипотека кредити учун бошланғич тўловнинг 25 фоизини бюджетдан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Субсидия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида, бирламчи бозордан янги уй сотиб олиш учун ажратилади. Бунинг учун бюджетдан ҳар йили 200 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади.

Аризалар офлайн тарзда Давлат хизматлари маркази ва онлайн тарзда Ягона портал — my.gov.uz орқали қабул қилинади. Топширилган аризалар subsidiya.idm.uz платформасида инсон омилисиз кўриб чиқилади.

Субсидия олган ўқитувчиларга маблағлар вазирликнинг subsidyplatform.mf.uz платформаси орқали автоматик тарзда тўланади.

Ажратилган маблағлар ариза берувчи ўқитувчиларнинг доимий рўйхатдан ўтган ҳудудидаги уй-жойлар учун йўналтирилади. Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқаролар Тошкент вилоятидаги уй-жойни ипотека асосида сотиб олиши мумкин бўлади.

Таълим ташкилотида фаолият олиб бораётган, олий малака тоифасига эга ва 60 ёшгача бўлган педагоглар ипотека кредити бошланғич бадалининг бир қисмини қоплаш учун ариза беришлари мумкин.

Ўқитувчиларнинг қуйидаги маълумотлари текширилади:

ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида расмий никоҳ тузилгани;

улар номида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжудлиги;

камида 15 йил иш стажига эга экани ва айни вақтда фаолият юритаётгани;

олий малака тоифасига эга экани;

кредит тарихи банклар талабларига мослиги.

Бунда кредит тарихи салбий бўлган ва ҳамкор банкларнинг талабларига жавоб бермаган ўқитувчиларга субсидия берилмаслиги мумкин.

Субсидия тўлаш тартиби қандай бўлади?

Субсидия олиш давомида ипотека кредити учун бошланғич бадал камида 15 фоиз бўлиши талаб қилинади.

Шу 15 фоиз бошланғич бадалнинг 25 фоизи ёки тўртдан бир қисмини давлат ўқитувчига тўлаб беради.

1 мартдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ресурслари орқали ажратилаётган ипотека кредити лимити Тошкент шаҳрида 480 млн сўмгача, ҳудудларда 380 млн сўмгача оширилиши кутилмоқда.

Масалан, 400 млн сўмлик уйга 340 млн сўм ипотека кредити олинса, бошланғич бадал 60 млн сўм бўлади. Ўқитувчига шу 60 млн сўмнинг 25 фоизи — 15 млн сўм давлат томонидан субсидия сифатида тўлаб берилади.

Субсидия — давлат томонидан берилувчи, қайтарилиши шарт бўлмаган маблағ ҳисобланади.

Бу ҳолатда уй сотиб олинаётганда бошланғич тўлов ошган тақдирда, субсидия миқдори ҳам ошиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид