«Ўрта коридор»га инвестициялар 2040-йилга бориб савдо ҳажмини уч баравардан зиёд ошириши мумкин
Жаҳон банкининг ҳисоботида инфратузилма учун 25 млрд доллардан ортиқ, қўшимча лойиҳалар учун эса яна 30 млрд доллар кераклиги айтилган.
© BloombergТранскаспий транспорт коридорига, яъни «Ўрта коридор»га инвестиция киритиш 2040-йилга бориб ушбу йўналишдаги савдо ҳажмини уч баравардан зиёд ошириши ва юкларни етказиб бериш вақтини икки бараварга қисқартириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки гуруҳининг «Интеграция: Транскаспий транспорт коридорида жаҳон даражасидаги савдо логистикаси» деб номланган янги ҳисоботда сўз боради.
Унда шу инвестициялар коридордаги давлатлар ялпи ички маҳсулотини 3,3 фоизга ошириши ва қўшимча 2 миллионта иш ўрни яратиши мумкинлиги қайд этилган.
Ҳисоботда айтилишича, агар ҳукуматлар инфратузилмага сармоя киритиш билан бирга савдо ва транспорт самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни ҳам амалга оширса, 2040-йилга бориб коридордаги юк ташиш ҳажми тўрт бараварга ошиши, етказиб бериш вақти эса учдан икки қисмга қисқариши мумкин.
Тўққиз давлат, қарийб 200 миллион аҳоли
Ҳисоботда коридорга Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон киритилган. Ушбу давлатларнинг умумий аҳолиси қарийб 200 миллион кишини ташкил этади.
Транскаспий транспорт коридори Шарқий Осиё ва Европани Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали боғлайдиган кўп тармоқли йўналиш сифатида таърифланган. Унда темирйўл, Каспий ва Қора денгиз орқали денгиз қатнови ҳамда автомобил йўлларидан фойдаланилади.
Арманистон ҳозирча коридорнинг бевосита иштирокчиси эмас. Ҳисоботга кўра, Арманистоннинг киритилишига сабаб таҳлил 2040-йилгача бўлган даврни қамраб олгани ва мамлакат билан тўғридан-тўғри транспорт алоқалари 2030-йилларда йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Инвестицияларга эҳтиёж
Ҳисоботга кўра, 2040-йилгача коридорнинг жисмоний инфратузилмасини ривожлантириш учун 25 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади. Асосий маблағ темирйўл тармоқлари, денгиз портлари ва уларни боғловчи автомобил йўлларига йўналтирилади. Ҳисоботда энг муҳим лойиҳаларнинг кўпчилиги аллақачон бошлангани ёки уларни амалга оширишга жиддий тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилган.
Бундан ташқари, «қўллаб-қувватловчи» инвестициялар учун яна 30 миллиард доллар талаб этилади. Буларга коридорни маҳаллий иқтисодиётлар билан боғлайдиган автомобил ва темирйўллар, логистика марказлари ва ички терминаллар, шунингдек, локомотивлар, вагонлар, юк ортиш-тушириш ускуналари ва рақамли тизимлар киради.
Ҳисоботда таъкидланишича, юк ташиш ҳажми ва рақобатбардошликни узоқ муддат давомида ошириш учун институционал ислоҳотлар ҳам зарур. Бунда чегарадаги кечикишлар, ҳужжатларни расмийлаштириш ва логистика марказларини мувофиқлаштириш бўйича давлатлар ва операторларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Тўртта устувор йўналиш
Бошқарув ва коридор фаолияти бўйича ҳисоботда тўртта устувор йўналиш белгиланган:
қоғозбозлик ва тарқоқ тизимлар ўрнига транспорт, транзит ва савдо маълумотларини ягона тизим орқали бошқариш имконини берувчи ягона рақамли коридор тизимини жорий этиш;
контейнерларни темирйўл ва денгиз орқали ташиш хизматларини бир-бирига узвий боғлайдиган, темирйўл юк ташувлари ва Транскаспий денгиз қатновларини бошқарадиган интеграциялашган, бозор тамойиллари асосида ишлайдиган қўшма операторни ташкил этиш ёки мавжуд оператор ваколатларини кенгайтириш;
коридор фаолиятини назорат қилиш, муаммоли нуқталарни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, биргаликда қарорлар қабул қилиш учун умумий мувофиқлаштириш тизимини кучайтириш;
давлатга қарашли темирйўл, порт ва денгиз ташуви компанияларини бошқарув тизими, молиявий барқарорлик ва тартибга солишни яхшилаш орқали замонавийлаштириш, уларнинг тижорий тамойиллар асосида ишлашини таъминлаш.
Жаҳон банкининг баҳоси
Жаҳон банки коридорнинг аҳамиятини таъминот занжирларидаги узилишлар, шунингдек, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бошқа об-ҳаво билан боғлиқ хавфлар билан боғлайди. Банкнинг фикрича, бундай хавфлар тезроқ ва ишончлироқ транспорт йўналишларига бўлган эҳтиёжни оширади.
Коридордаги кўплаб давлатлар энергия ресурслари, муҳим минераллар, хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади. Ҳисоботда таъкидланишича, ушбу йўналиш уларга ташқи хавфларга қарамликни камайтириш, транзитга бўлган талабдан фойдаланиб, ички инвестициялар ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани коридор фақат товар ва одамларни ташиш йўли бўлиб қолмасдан, бизнес, иш ўринлари ва маҳаллий саноат ривожини таъминлайдиган минтақавий платформага айланиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, бунинг учун фақат транспорт инфратузилмасини қуришнинг ўзи етарли эмас. Хизмат кўрсатиш соҳасига қўшимча инвестициялар киритиш, савдони енгиллаштириш, транспорт операцияларини такомиллаштириш ва чегаралар орқали ҳамкорликнинг янги усулларини жорий этиш ҳам талаб қилинади.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёда инфратузилма бўйича минтақавий директори Чарлз Корме эса коридор салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун юкларни чегаралар орқали тезроқ, аниқроқ ва қулайроқ ташиш имконини берадиган амалий чораларни кўриш зарурлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг бошида Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари Устюрт платосида йирик газ захиралари аниқланганини маълум қилганди. Ушбу конларни ўзлаштириш Транскаспий газ қувури лойиҳасининг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.




