add

Осмонимиз номусаффо: Ўзбекистон қандай қилиб экологик инқироздан чиқмоқчи?

Кеча 16:125067 Дақиқа

Сўнгги кунларда Тошкентни ва бошқа шаҳарларни чулғаб олган қўнғир тусли тутунсимон чанг мамлакат миқёсида экологик вазиятнинг заиф нуқталарини яна бир бор очиқ кўрсатиб берди.

Осмонимиз номусаффо: Ўзбекистон қандай қилиб экологик инқироздан чиқмоқчи?

Айнан шу ҳолат янгидан тузилган Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимовнинг таъбири билан айтганда, барчамиз учун «жуда жиддий огоҳлик қўнғироғи» бўлди.

Тошкент ҳавосидаги инқирозга нисбатан давлатнинг жавоби эса аввалги йилларга нисбатан анча қатъий ва кенг қамровли бўлди. «Тоза ҳаво» миллий лойиҳаси доирасида энергетика, транспорт, қурилиш, иссиқхоналар, ўрмон хўжалиги, чиқиндилар ва инфратузилма соҳаларида бутунлай янги ёндашувлар ишга туширилмоқда.

 

Экологик сиёсатда янги босқич: тизимли таҳлил ва очиқ мулоқот

Азиз Абдуҳакимов журналистлар ва блогерлар билан учрашувда мамлакатдаги экологик инқироз бирор-бир муаммо ёки фасл билан боғлиқ эмаслигига эътибор қаратди. Тошкентда йил давомида ҳаво меъёрдан ифлос — фақат ёзда чанг оқими, қишда эса иситиш тизими, иссиқхоналар таъсири кучаяди.

Қўмита мутахассислари ўтган кунларда ҳаво ифлосланишига сабаб бўлган омилларни очиқ эълон қилди: иссиқхоналар, иссиқлик марказлари, қурилиш майдонлари, хусусий сектор иситиш манбалари, автотранспорт ва табиий чанг оқимлари.

abduhakimov_1

Давлат биринчи марта экологик сиёсатни кўп босқичли, комплекс асосда қайта қуриш режасини эълон қилди.

 

Шошилинч чоралар: сув манбалари, фавворалар ва чангни камайтириш

Қўмитанинг дастлабки режаси Тошкентдаги микроиқлимини яхшилашдан бошланади. Йиллар давомида қуриб кетган шаҳар ички сув ҳавзалари ўрнини босиш учун шаҳарнинг тўрт томонида 12 та янги сунъий сув ҳавзаси барпо этиш кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек:

  • тарихий ариқлар тизими қисман тикланади;

  • кўп қаватли уйлардан чиқадиган маиший оқова сувлари тозаланиб, ёш кўчатларни суғоришга йўналтирилади. Бундай ускуналарни ўрнатиш учун субсидиялар жорий этиш таклиф қилинди.

21 ноябрдан бошлаб шаҳар бўйлаб мавжуд 56 та сув ташувчи куну-тун ишга туширилди. Лекин бу чора етарли эмаслиги очиқ айтилди — барча туманларни қамраб олиш учун камида яна 140 та машина зарур.

Шунингдек, мавсум якунланганига қарамасдан, 43 та шаҳар фавворалари ишга туширилди — уларнинг 38 таси тун-кун ишламоқда. Экологларнинг таъкидлашича, фавворалар чангни ўтказмаслик ва маҳаллий микроиқлимни бир маромда сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Кейинги босқичда фавворалар сони икки баравар оширилади.

 

Қурилиш ва саноат: чанг, чиқиндилар ва филтрлар устидан қатъий назорат

Комитет қурилиш компанияларига махсус огоҳлантириш юборди: экологик меъёрларга амал қилмаган ҳолда қурилишни давом эттириш мумкин эмас. Чангни бостириш учун сув сепиш, ҳудудни ёпиш, чиқиндиларни пастки қаватга тушириш қурилмалари каби талаблар бажарилмаса, объектлар тўхтатиб қўйилади.

Саноат корхоналари учун эса 1 декабрга қадар ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни икки баробар қисқартириш мажбурияти юкланди.

 

Узоқ муддатли чоралар: Тошкентда улкан «яшил белбоғ» ва дендропарклар

Шаҳарнинг узоқ муддатли экологик хавфсизлиги учун энг йирик лойиҳалар ишга туширилади:

  • 590 гектар майдонда иккита ботаника боғи ва иккита дендропарк барпо этилади;

  • 33 км масофадаги Тошкент катта ҳалқа автомобил йўли «яшил коридор»га айлантирилади;

  • молия етишмаслиги сабаб ўн йиллар давомида тўлиқ ишга тушмаган 1300 гектарлик яшил белбоғга 25 млн доллар ажратилади.

Азиз Абдуҳакимов шаҳарлар ўртасидаги экологик мувозанатни тиклашда ушбу лойиҳалар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади.

 

Иссиқхоналар ва иситиш тизимини газга ўтказиш: янги қатъий сиёсат

Қишдаги смогнинг асосий манбаларидан бири — иссиқхоналардаги паст сифатли кўмир эканлиги очиқ тан олинди. Президентнинг ПП–181 қарори билан иссиқхоналарни газга улаш қоидалари кескин қайта кўриб чиқилди.

Газга уланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжалик экспортга йўналтирилган бўлиши, қарзи бўлмаслиги, камида 50 фоиз олдиндан тўлов қилган бўлиши лозим.

726 аризадан 633 таси тасдиқланди ва газ билан 100 фоиз таъминланди. Лекин давр кеч бўлгани учун кўпчилиги бу мавсумни кўмир билан якунлайди.

Абдуҳакимовнинг асосий талабларига кўра, ё керакли фильтрлар ўрнатилади ёки барча иссиқхоналар тўлиқ газга ўтади.

Агар иссиқхона газга тўлиқ ўтган бўлса ва ундаги узилишлар газ таъминоти корхонаси айби билан содир бўлса, йўқотилган ҳосил 100 фоиз компенсация қилинади.

Экологларнинг айтишига кўра, айрим иссиқхоналар шина ва мазутни кўмир билан аралаштириб ёқиб, ифлосланишни яшириб келган. Жорий жазолар бунга тўсқинлик қилмайди — шунинг учун алоҳида қонуний механизм ва жиддий санкциялар киритилади.

 

Энергетика тизимининг модернизацияси: ИЭС ва ИЭМларда янги филтрлар

Бугунги кунда Тошкент ва вилоятда 5 та йирик иссиқлик электр станцияси ва 9 та иссиқлик электр маркази фаолият юритади. Улардан айримлари нормативдан юқори ифлосланиш манбаи эди.

Янги маълумотларга кўра:

  • Тошкент ИЭМ (аэропорт) 99,9 фоизлик фильтр самарасига эга;

  • Қибрай ИЭСнинг бир блоки янгиланди, иккинчиси йил охиригача модернизация қилинади;

  • Ангрен ИЭС қишдан сўнг тўлиқ ёпилади ва 140 млн долларлик когенерация станцияси билан алмаштирилади;

  • 9 та ИЭМда филтрлар тўлиқ алмаштирилади.

Модернизация натижасида зарарли моддалар ҳажми 242 минг тоннагача туширилади — бу 4,5 баробар камайишдир.

 

Транспорт сиёсати: экологик стикерлар ва 1000 та янги автобус

2026 йил 1 апрелдан автомобиллар учун экологик стикерлар жорий этилади.

1 июлдан эса давлат томонидан trade-in дастури ишга тушиши мумкин:

  • 2000 йилгача ишлаб чиқарилган машиналар давлат томонидан сотиб олинади;

  • машиналар эгалари эскиси эвазига эгаси Euro–5 стандартидаги автомобил харид қилиш учун субсидия олади.

Бундан ташқари, 2026 йил охиригача Тошкент жамоат транспорти паркига 1000 та экологик автобус олиб келинади.

 

Қурилишда янги талаблар ва онлайн назорат

Қурилиш майдонлари ифлосланишнинг 6 фозиниини ташкил этар экан, қўмита 500 метр квадратдан ортиқ қурилишлар учун қуйидаги талабларни жорий этмоқда:

  • ҳудуднинг 25 фоизи яшил майдонга ажратилиши;

  • сув пуркаш тизимлари;

  • машиналар учун ювиш ванналари;

  • брезентли ёпиқ майдонлар.

2026 йилдан 2028 йилгача босқичма-босқич барча йирик объектларда онлайн камералар ва ҳаво мониторинги фон станциялари ўрнатиш мажбурий бўлади.

Шина, битум, плёнка, резина, сунъий картон ва саноат чиқиндиларини очиқ ёқиш мутлақо ман этилади.

 

Экологик жарималар етарли эмас — улар тубдан ўзгартиради

Айни пайтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда экология соҳасидаги қонунбузарликлар учун 39 та модда жой олган бўлса-да, уларнинг аксарияти учун жарималар арзимас қилиб белгиланган ва самарасиз.

«Масалан, дарахтларни кесиш учун мораторий жорий қилинган бзлса-да, у амалда ишлаётгани йўқ. Чунки бундай қонунбузарлик рўй берса, одатга кўра энг кичик даражадаги ходим — қоровул ёки боғбон жавобгар қилинади, буйруқни берганлар жазодан четда қолади. Жарималар ҳам у қадар қўрқинчли эмас. Бир дарахт кесганлик учун ўртача 300–800 минг сўм атрофида. Бу қурилиш компаниялари учун сариқ чақа дегани», — деди учрашувда қатнашганлардан бири.

Энди янги тизимга кўра:

  • жавобгарлик фақат қуйи даражадаги ходимга эмас, юридик шахснинг ўзига йўналтирилади;

  • жарималар зарар ҳажмига қараб 5–10 баравар оширилади;

  • айрим ҳолларда миллиардлаб сўмли санкциялар жорий этилади.

Бундан кўзланган мақсад жазолаш эмас, балки олдиндан қўрқитиш механизмини яратиш.

 

Экополиция: янги тузилма, кенг ваколатлар

Охирги икки йилда экологик инспекция кўплаб хатарлар билан ишлаган — карйерлар, браконйерларга қарши кураш, корхоналарнинг қаршилиги ҳатто зўравонлик ҳолатларига ҳам олиб келган.

Шу боис экологик инспекция ҳуқуқбузарликка қарши куч ишлатиш ҳуқуқига эга тузилма сифатида экополицияга айлантирилди.

Мақсад — назоратни кучайтириш ва коррупция хавфларини камайтирган ҳолда тезкорликни ошириш.

 

Чиқиндилар устидан назорат: полигонларни давлатга қайтариш ва янги заводлар

220 та полигоннинг кўпчилиги хавфли ва нормативларга жавоб бермайди. 2023 йилдан инвентаризация бошланди:

  • 30–35 фоиз полигонлар ёпилди;

  • ноқонуний чиқиндихоналар сунъий йўлдош орқали аниқланди;

  • хусусий операторлар айрим ҳудудларда чиқиндиларни карйерларга ташлагани маълум бўлди.

Бу борада қўмита позицияси қатъий: полигонлар тўлиқ давлат назоратига қайтарилади.

Энг катта лойиҳа — 8 та замонавий чиқинди ёқиш заводи. Улар 2026–2027 йилларда ишга тушса, чиқиндиларнинг 40–50 фоизи қайта ишланади. Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, бу янги заводлар мутлақо замонавий ва «мўрисидан чиқадиган ҳаво мутлақо зарарсиз» бўлади.

Галофитлар орқали чўлланишга қарши кураш

Ўзбекистонда деградацияланган ерлар ва чўлланишга қарши инновацион чора — галофит ўсимликларидан фойдаланиш. Шу мақсадда Хитой ва БАA билан ҳамкорликда илмий институт очилди.

Бухоро, Қорақалпоғистон, Навоий, Қашқадарё ва Жиззахда 10–15 гектарлик тажриба майдонлари барпо этилди.

Галофитлар:

  • сувсизликка чидамли;

  • 3–5 йилда тупроқни тиклайди;

  • тупроқ шўрланишни кескин камайтиради;

  • чанг-тўзонларнинг олдини олади.

Бу технология миллионлаб гектар ерларни иқтисодиётга қайта қайтаришга имкон беради.

 

Эрта огоҳлантириш тизими: пўлатдек зарур механизм

Бўфон, чанг тўзони ёки инверсия — Ўзбекистонда бундай ҳолатларда аҳолига аниқ ва тез сигнал берувчи тизим йўқ.

Абдуҳакимов АҚШ, БАA ва Саудиядаги каби early warning system (эрта огоҳлантирувчи тизим)ни жорий этишни таклиф этди:

  • SMS хабардорлик;

  • ахборот платформалари орқали эланлар;

  • хавф даражасини аниқ тушунтириш.

 

Марказий Осиё — иқлим ўзгаришининг асосий қурбонларидан бири

Орол денгизининг қуриши, Тяншан ва Помир тоғларидаги музликларнинг тобора эриб битаётганига, чўлланиш — буларнинг барчаси минтақанинг кун тартибидаги энг катта хавфлар.

Аммо минтақанинг иқлим ҳақидаги овози кам эшитилади. Шу боис Ўзбекистон халқаро институтлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.

 

Хўш, Тошкент ҳавосини секин-аста тозалаш мумкинми?

Экологик сиёсатнинг янги босқичи — қатъий, кафолатланган ва тизимли чоралар билан фарқланади.

Бироқ натижа тез бўлмайди. Барча лойиҳалар, модернизация, назорат механизмлари ва «яшил» инфратузилма 2026–2027 йилларда тўлиқ самара бериши кутилаяпти.

Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, бу сафар «инвестор завод қурмоқчи бўлса, аввало унинг экологияга таъсири ҳақида ўйланиши керак».

Ўзбекистон аввалги йиллардагидан мутлақо бошқа йўлни танлади — тоза ҳаво энди «лукс» эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналиши.

 

Теглар

Мавзуга оид

Осмонимиз номусаффо: Ўзбекистон қандай қилиб экологик инқироздан чиқмоқчи? | Vaqt.uz