
Ўзбек-Француз университети ташкил этилади
Битирувчиларга Францияда аккредитациядан ўтган таълим дастурлари бўйича консорциум таркибига кирган тегишли Франция университетининг дипломи ҳам берилади.

26 ноябрда «Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–354-сонли президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбек-Француз университети ташкил этилади. Университет ўз фаолиятини Ўзбекистон қонунчилиги талаблари ҳамда Франция университетлари консорциуми тавсиялари асосида амалга оширади.
Шунингдек, ушбу университетда дастлабки босқичда магистратура, кейинчалик босқичма-босқич бакалавриат ва докторантурада кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Университетга кириш учун тайёрлов курси жорий этилади.
Таълим жараёни мақсадли давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Битирувчиларга университет дипломи ва (ёки) Франция Республикасида аккредитациядан ўтган таълим дастурлари бўйича консорциум таркибига кирган тегишли Франция университетининг дипломи берилади. Бунда битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистон Республикасида тан олинади.
Аввалроқ Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.





