add

Халқаро туризм академиясининг Самарқанд кампуси ташкил этилади

Академия «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети тузилмасига киради. Унда 1 ойгача бўлган малака ошириш ва 8 ойгача бўлган қайта тайёрлаш курслари бўлади.

Халқаро туризм академиясининг Самарқанд кампуси ташкил этилади

Ўзбекистон президентининг «Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–350-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида ташкил этилган Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси (Академия) фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу академия дунёнинг энг нуфузли топ-10 рейтингига кирган таълим ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатиб, мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиши кўзда тутилган. Шунингдек, 1 ойгача бўлган малака ошириш ҳамда 8 ойгача бўлган қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкил этишлади.

Мазкур академия «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети тузилмасига киради. Унда ўқитиш Ўзбекистонда амалдаги таълим шаклларида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 декабрдан туризм соҳаси субъектлари мутахассислари шартнома асосида қайта тайёрланади ва малакаси оширилади. Шу жумладан, ҳар йили Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассисларига Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида таълим олиш учун махсус грант ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология вазирлиги таркибидаги Туризм қўмитаси алоҳида тузилма сифатида қайта ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид