
Ўзбек, қирғиз ва тожик туташ чегараларига доир қонун лойиҳаси қабул қилинди
Унга кўра, уч давлат чегаралари туташган нуқтанинг жойлашуви ҳамда бу ҳудудда давлат чегаралари чизиқларининг ўтиши аниқланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Қайд этилишича, шартнома уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашуви, чегарадош ҳудудлар иқтисодий ҳамкорлигининг кучайиши, чегараолди савдонинг ортиши, чегара ҳудудларда турли инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.
“Бу борада уч мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши — ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенглик тамойилларига асосланган айнан ушбу кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир. Айни дамда, ушбу шартнома бутун минтақанинг яқинлашувида ҳам муҳим аҳамият касб этади”, дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.
Маълумот учун, ушбу шартнома 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўртасидаги олий даражадаги учрашувда имзоланган эди.





