add

Ўзбекистон 2030 йилгача авиация йўловчиларини 24 млн нафарга етказмоқчи

29.10.2025 | 07:582811

Президент томонидан имзоланган фармонга кўра, 2030 йилгача йўловчи ташиш ҳажми йилига 24 млн нафарга етказилиши, авиапарк 180 та самолётгача кенгайтирилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон 2030 йилгача авиация йўловчиларини 24 млн нафарга етказмоқчи

Ўзбекистон фуқаролик авиациясида янги босқич бошланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрда фуқаролик авиацияси соҳасида давлат сиёсатини тартибга солиш бўйича фармон имзолади.

Унда мамлакат авиация тизимини модернизация қилиш ва бозор тамойилларига ўтказишни кўзда тутади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Ўзавация» агентлигини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджети маблағлари ажратиш амалиёти тўхтатилади. Шунингдек, «Ўзаэронавигация» маркази соф фойдасининг 20 фоизини агентликни ривожлантириш жамғармасига йўналтириш амалиёти ҳам бекор қилинади.

Фармонда белгиланишича, 2030 йилгача маҳаллий авиакомпаниялар самолётлар парки 180 та бортгача етказилади. Кейинги беш йил ичида ички ва халқаро йўналишлар сони 200 минг рейсгача кўпайтирилиб, йиллик йўловчи ташиш ҳажми 24 млн нафарга етказилиши режалаштирилган.

Президент 15 октябр куни янги Тошкент аэропорти қурилишига бағишланган маросимда ҳам авиация соҳаси ривожига алоҳида тўхталиб, мамлакатни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик ҳаво хаби сифатида кўриш мақсадини белгилаган эди.

Лойиҳалар доирасида авиайўналишлар сони 230 тага етказилади, аэропортлар инфратузилмаси янгиланади ва логистика тизими рақамлаштирилади. Ҳукумат бу орқали транспорт соҳасини иқтисодий ўсиш ва халқаро интеграциянинг асосий драйверларидан бирига айлантиришни кўзламоқда.

Аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида янгиланган учиб келиш зали, терасса ва VIP учиб кетиш зали очилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

undefined | Vaqt.uz