add

Ўзбекистон–АҚШ келишувлари: Америкадан келадиган пахта ва самолётлар

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида 719 млн доллар ошди. Келгуси 10 йилда Ўзбекистон АҚШ иқтисодиётига 100 млрд доллар тикмоқчи. Vaqt.uz сўнгги 5 йилликдаги келишувлар, савдо таркиби ва иқтисодий алоқаларига оид маълумотларни жамлади.

Ўзбекистон–АҚШ келишувлари: Америкадан келадиган пахта ва самолётлар

Шавкат Мирзиёев 6 ноябр куни АҚШга амалий ташриф доирасида президент Доналд Трамп билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-ҳуманитар масалаларни кўриб чиқдилар. Шунингдек, «C5+1» формати доирасида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Доналд Трамп саммит доирасидаги музокараларни юқори баҳолаб, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ ҳукумати вакиллари, йирик корпорациялар ҳамда молиявий институтлар раҳбарлари билан учрашувларини олқишлади. Унинг таъкидлашича, «қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини яратиш ва такомиллаштириш» икки давлат ҳамкорлигида асосий устувор йўналиш бўлади.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида «АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий келишув амалга оширилди», — деб ёзди ва Ш.Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Унинг сўзларига кўра, «яқин уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобил бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё ва ахборот технологиялари соҳаларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритади ва харидларни амалга оширади».

Иқтисодий таҳлиллар ва ислоҳотлар маркази 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий кўрсаткичларни ўрганди. Vaqt.uz ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, АҚШ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорликда имзолаган ҳужжатлари, келишувлари ҳамда иқтисодий муносабатларини жамлади.

USA UZB

Савдо-иқтисодий муносабатлар

Review.uzʼнинг маълумотларига кўра, 2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,1 баробарга ошиб, 215 миллион доллардан 881,7 миллион долларга етган.

Экспорт 9,9 баробарга ўсиб, 32,1 миллион доллардан 317,4 миллион долларга, импорт эса 3,1 мартага кўпайиб, 182,9 миллион доллардан 564,3 миллион долларга етган. Шу давр ичида АҚШнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши ҳам ошган: умумий товар айирбошлашда — 0,8 фоиздан 1,3 фоизга, экспортда — 0,3 фоиздан 1,2 фоизга, импортда — 1,3 фоиздан 1,4 фоизга кўтарилган.

2025 йилнинг 9 ойи якунига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 719,1 миллион долларни ташкил этиб, ўсиш 5,6 фоиз даражасида қайд этилган. Шу жумладан, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти — 317,4 миллион доллар, АҚШдан импорти — 564,3 миллион доллар.

Савдо таркиби

Экспорт таркибида энг катта улуш хизматларга тўғри келади — 50,6 фоиз. Буларга дастурий таъминот, молия, ахборот ва транспорт хизматлари киради. Кейинги ўринда нефт маҳсулотлари — 36,9 фоиз (дизел ёнилғиси, керосин, нефт вазелини ва бошқалар).

Шунингдек, саноат маҳсулотлари — 4,1 фоиз (алюминий профиллари, тўқимачилик маҳсулотлари, мис буюмлар), машина ва ускуналар — 3,7 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари — 2,2 фоиз (қуритилган мевалар, зираворлар).

Импорт таркибида эса энг катта улуш машина ва ускуналарга тўғри келади — 57,5 фоиз (учувчи аппаратлар, автомобиллар ва уларнинг қисмлари, ҳисоблаш қурилмалари, двигателлар, насослар ва бошқалар). Шунингдек, хизматлар — 22,2 фоиз (молиявий, лицензиявий, лизинг ва транспорт хизматлари).

Қолган қисми кимёвий моддалар — 6 фоиз (дорилар, косметика маҳсулотлари), тайёр маҳсулотлар — 5,1 фоиз (асбоб-ускуналар, қоғоз буюмлари), саноат товарлари — 4,3 фоиз (пластмасса ва электр-техника маҳсулотлари), озиқ-овқат маҳсулотлари — 2,6 фоиз (парранда гўшти ва бошқалар).

АҚШ Ўзбекистонга қанча пул тикди?

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Америка капитали иштирокида 339 та корхона фаолият юритмоқда. Бу хорижий сармоядорлар иштирокидаги барча корхоналарнинг тахминан 2 фоизини ташкил этади. Улардан 89 таси — қўшма, 250 таси эса АҚШ капитали тўлиқ эгалигидаги компаниялардир.

Сўнгги 8 йилда АҚШдан жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 63 баробарга ошиб, 2017 йилдаги 8,6 миллион доллардан 2024 йилда 545,9 миллион долларга етган. Умуман олганда, 2017–2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига АҚШдан жалб этилган тўғридан тўғри инвестициялар ва кредитлар умумий ҳажми 2,6 миллиард доллардан ошган.

Сармоя йўналган соҳалар

АҚШ инвестициялари асосан ишлаб чиқариш ва ресурсларга асосланган тармоқларга йўналтирилган:

  • «Тоғ-кон ва металлургия» — табиий газ қазиб чиқариш ва металл ишлаб чиқариш;

  • «Ишлаб чиқариш саноати» — автомобилсозлик, ичимликлар, металл ва тўқимачилик маҳсулотлари;

  • «Қурилиш ва хизмат кўрсатиш» — кўчмас мулк, таълим, туризм;

  • «Қишлоқ хўжалиги» — қайта ишлаш ва агросаноат лойиҳалари.

Маълумот учун, Доналд Трамп Ўзбекистон билан имзоланган янги битимга кўра, Ўзбекистон АҚШ иқтисодиётига 10 йилда 100 миллиард долларгача сармоя киритиши режалаштирилмоқда.

Ҳуқуқий келишувлар

2024 йил сентябрда «Стратегик муҳим минераллар соҳасида англашув меморандуми» имзоланган бўлиб, у геологик қидирув ишлари, қазиб олиш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар занжирини яратишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. 

Шу ойда «Божхона ҳамкорлиги ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим» ҳам имзоланди. У ахборот алмашинуви, ноқонуний наркотик айланмаси, жиноий даромадларни легаллаштириш, одам савдоси ҳамда трансмиллий жиноий гуруҳларга қарши чораларни ўз ичига олади.

2024 йил августда АҚШ Ўзбекистондан пахта импортини қайта кўриб чиқишни бошлади. Шу муносабат билан АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва АҚШ Пахта Ассоциацияси билан учрашувда «GSM-102» дастури доирасида Ўзбекистонга АҚШ пахтасини етказиб бериш, кредит лимитини ошириш ва «Made from U.S. Cotton» ташаббусини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

USA UZB1

Сентябр ойида эса «Uzbekistan Airways» ва «Boeing» корпорацияси ўртасида «Boeing 787-9 Dreamliner» самолётларини сотиб олиш бўйича келишув имзоланди. 22 та «Boeing 787-9 Dreamliner» ҳаво кемасини сотиб олиш бўйича келишув қиймати 8 млрд доллардан ортиқни ташкил қилганди. Бироқ Uzbekistan Airways ҳам, Boeing ҳам шартнома нархини очиқламаган.

2025 йил 3 ноябрдаги Президент фармонига кўра, 2026 йил 1 январдан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда «визасиз режим» жорий этилади.


Имзоланган шартномалар рўйхати

  • Геология вазирлиги ва «Denali Exploration Group» компанияси ўртасида нодир ер элементларини ишлаб чиқариш бўйича битим;

  • «Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси» ҳамда «Re Element Technologies» компанияси ўртасида нодир металлар соҳасида ҳамкорлик битими;

  • «Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» ҳамда «Flowserve» компанияси ўртасида насос станцияларини модернизация қилиш бўйича келишув;

  • «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» ва «Valmont Industries Inc» компанияси ўртасида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича битим;

  • «Рақамли технологиялар вазирлиги» ва «Palo Alto Networks» компанияси ўртасида сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишув;

  • «Uzbekistan Airways» ва «Boeing» компаниялари ўртасида самолёт етказиб бериш шартномаси;

  • «Datacrop» ва «Louis Dreyfus Company» компаниялари ўртасида соя дуккаклари ва шрот етказиб бериш шартномаси;

  • «Ўзсаноатэкспорт» ва «Cargill» компаниялари ўртасида пахта етказиб бериш бўйича битим.

Бундан ташқари, энергетика, IT ва логистика соҳаларида ҳам бир қатор лойиҳалар амалга ошириш ҳақида лойиҳалар келишилди. Хусусан, Вашингтондаги ташриф доирасида Ўзбекистонда Аpple Pay ва Google Pay халқаро тўлов тизимларини жорий этиш режаси амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 10

Барчаси

Мавзуга оид

Ўзбекистон–АҚШ келишувлари: Америкадан келадиган пахта ва самолётлар | Vaqt.uz