Logo

Ўзбекистон август ойида олтин сотмади

Мамлакатда олтин экспорти ўтган йилга қараганда уч баробарга камайди. 2025-йилнинг дастлабки саккиз ойида 8,3 млрд долларлик олтин экспорт қилинган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 2,8 млрд долларни ташкил этди.

Ўзбекистон август ойида олтин сотмади © iStock

Ўзбекистон 2026-йил январ–август ойларида 22 млрд 867 млн долларлик товар ва хизматлар экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 795 млн долларга ёки 3,4 фоизга кам.

Экспортдаги пасайишга асосий таъсир олтин савдосининг кескин қисқариши билан боғлиқ. Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида 2,8 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 8,32 млрд долларга тенг бўлган.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, август ойида мамлакат умуман олтин экспорт қилмаган. Саккиз ой давомида қимматбаҳо металл фақат апрел ва июл ойларида сотилган. Бу икки ойдаги экспорт қиймати мос равишда 1,5 млрд ва 1,3 млрд долларни ташкил этган.

Захираларда олтин кўпайди

1-сентябр ҳолатига Ўзбекистон халқаро захиралари 72,1 млрд долларни ташкил қилган. Унинг 64,92 млрд доллари олтин ҳиссасига тўғри келади. Захиралардаги олтин миқдори 14,11 млн трой унция ёки қарийб 438,6 тоннани ташкил этган.

Йил бошида бу кўрсаткич 12,6 млн унция ёки 391,9 тонна атрофида эди. Саккиз ойда захиралардаги олтин ҳажми қарийб 46,7 тоннага кўпайган. Бундан ташқари, жаҳон бозорида олтин нархининг ўсиши ҳам захираларнинг доллардаги қиймати ошишига таъсир қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-йилнинг биринчи ярмида олтин ҳисобга олинмаган экспорт ҳажми 29,4 фоизга ошиб, 6,5 млрд долларни ташкил этганлиги ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид