
Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳақиқий ҳажми очиқланди: ЯИМ 121,4 млрд доллар
Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраевнинг маълум қилишича, қайта кўриб чиқиш натижасида республика иқтисодиётининг ҳақиқий кўлами илгари қайд этилганидан юқори экани аниқланган.

Тошкентда Миллий статистика тизимидаги ислоҳотларга бағишланган «Миллий статистикада янги босқич: шаффофлик ва халқаро стандартлар сари» халқаро конференция ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини қайта ҳисоблаш натижалари эълон қилинди, деб хабар қилмоқда Vaqt.uz мухбири.
Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев (суратда чапда) конференцияда маълум қилишича, қайта кўриб чиқиш натижасида республика иқтисодиётининг ҳақиқий кўлами илгари қайд этилганидан юқори экани аниқланган.
ЯИМ 5,6 фоизга ошди
Якуний ҳисоб-китобларга мувофиқ, 2024 йил учун ЯИМнинг номинал ҳажми амалдаги 1 454,6 трлн сўмдан 1 535,4 трлн сўмгача ошган. Бу — 80,9 трлн сўмлик ёки 5,6 фоизлик қўшимча ўсишни англатади.
Ялпи ички масулот АҚШ доллари ҳисобида эса олдинги ҳисобларда 115,0 млрд доллар, қайта баҳолашдан сўнг 121,4 млрд долларни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига ЯИМ: 41,3 млн сўм
Қайта ҳисоблаш натижасида 2024 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 41,3 млн сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич мамлакат иқтисодий салоҳияти ва қиймат яратиш даражаси ошганини кўрсатади.
Бюджет қамровини кенгайтириш орқали 36,4 трлн сўм қўшимча қиймат аниқланди
Маълумотларга кўра, 2024 йил учун давлат бюджети ижроси тўлиқ қамраб олингани натижасида ҳисоб-китобларга 36,4 трлн сўм миқдорида илгари қайд этилмаган қўшилган қиймат қўшилди. Бу ҳам умумий ЯИМ ҳажмини оширган омиллардан бири бўлди.
Тармоқлар бўйича қайта баҳолаш натижалари қуйидагича:
Саноат: +12,7 трлн сўм
Қишлоқ хўжалиги: +5,6 трлн сўм
Қурилиш: +10,3 трлн сўм
Хизматлар соҳаси: +16,3 трлн сўм
Статистика қўмитасига кўра, тармоқлардаги қўшимча қиймат асосан ҳисобга олиниши кенгайтирилган операциялар, хизматлар қамрови ва маълумотлар базасининг тўлиқлиги билан боғлиқ.
Мутасаддиларга кўра, ЯИМнинг қайта баҳоланиши аҳоли даромадларига ёки кундалик сарф-харажатларига дарҳол таъсир қилмайди. Аммо иқтисодиётдаги ҳақиқий қиймат яратилишининг яхшироқ ҳисобга олиниши мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни, кредит рейтинги ва инвесторлар учун очиқлигига таъсир қилиши мумкин. Бундай омиллар эса ўрта муддатда иш ўринлари, саноат қувватлари ва хизматлар соҳаси ривожига, шу орқали аҳоли учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Кўрсаткичлар яхшиланиб бормоқда
2022 йилда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 160 млрд долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 4000 АҚШ долларини ташкил этиши кутилаётганини маълум қилган эди.
2024 йилнинг октябрида эса Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 2030 йилга бориб 200 млрд. долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни 5000 долларга етказиш режалаштирилганини айтганди.





