Logo

«Ўзбекистон почтаси» хусусийлаштирилгани ва 100 млрд сўм қарз олгани рад этилди

Бугун 11:193 дақиқа

Жамиятнинг устав капиталидаги давлат ташкилотлари, корхоналар ва тижорат банкларига тегишли акциялар пакети, яъни 92,9 фоиз давлат улушини икки йирик компания сотиб олишга қизиққан. Аммо хусусийлаштириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Давактив «Ўзбекистон почтаси» ҳозирда мураккаб молиявий босқични бошдан кечираётганини айтди.

«Ўзбекистон почтаси» хусусийлаштирилгани ва 100 млрд сўм қарз олгани рад этилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон почтаси» АЖ хусусийлаштирилгани ва компания томонидан 100 млрд сўм қарз олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат активларини бошқариш агентлигининг ёзишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Қайд этилишича, жамият устав капиталидаги давлат ташкилотлари, корхоналар ва тижорат банкларига тегишли акциялар пакети, яъни 92,9 фоиз давлат улуши Давлат активлари агентлигига тўлиқ ўтказилган. «Wildberries» ва «Uzum Market» каби йирик компаниялар томонидан ушбу улушни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирилган, лекин бугунги кунда давлат улушини хусусийлаштириш бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган.

Давактив «Ўзбекистон почтаси» ҳозирда мураккаб молиявий ва трансформация босқичини бошдан кечираётганини ҳам маълум қилди. Сўнгги уч йилда соф фойда ўртача 800 миллион сўм, рентабеллик даражаси эса 0,2 фоизни ташкил этган. 2026-йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича тушум 313,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга камайган.

Бундан ташқари, асосий даромад манбаларидан бири бўлган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани тўғрисидаги қарорларни почта орқали етказиб бериш хизмати жорий йилнинг 16-май кунидан тўхтатилган. Ушбу хизмат тўхташи оқибатида 9 ой якунлари бўйича 1,7 миллиард сўм миқдорида зарар кўрилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, банк қарздорлиги 45,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, акциядорлик жамиятида модернизация ва рақамлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ зарур. Ушбу маблағ доирасида юк автотранспорти ва электр транспорт воситасини сотиб олиш, саралаш маркази ҳамда IT-инфратузилмани янгилаш, қўшимча почтаматларни ўрнатиш ва алоқа объектларини таъмирлаш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Жамиятга замонавий бошқарув моделларини жорий этиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш мақсадида мамлакатдаги йирик маркетплейс компанияларидан бири бўлган «WB INT EXPORT» МЧЖ билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Музокаралар давомида ушбу компания Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида 100 миллиард сўм миқдорида қарз маблағини тақдим этишга тайёрлигини билдирган.

Мазкур битим қонунчиликка кўра йирик битим ҳисоблангани боис акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритилган. Бироқ фоиз ставкалари, қарз миқдори ва қайтариш графиги бўйича якуний келишувга эришилмагани сабабли, акциядорларнинг 2026-йил 21-сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида бу масалада қарор қабул қилинмаган. Шу боис, жамият томонидан 100 миллиард сўм қарз олингани ҳақидаги хабарлар асоссиздир. Қарз шартлари тўлиқ аниқлаштирилгач, масала қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Давактив «WB INT EXPORT» МЧЖ вакилларининг «Ўзбекистон почтаси» АЖ Кузатув кенгашига жалб этилишидан асосий мақсад замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш ҳамда жалб қилиниши кўзда тутилган инвестиция маблағларининг мақсадли ишлатилишини назорат қилишдан иборатлигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўрамиз, аввалроқ «Туронбанк» қаторида жами 100 трлн сўмлик давлат активлари йил охиригача савдога чиқарилиши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид