add

Ўзбекистон–Қозоғистон юк поезди алмашинуви 35 жуфтга етказилади

Томонлар «Сариоғоч» ўтказиш пункти орқали дон ва озиқ-овқат юкларини узлуксиз ташиш учун кунлик пойдезлар айланмасини сезиларли оширишга келишиб, логистик барқарорликни таъминлашни мақсад қилди.

Ўзбекистон–Қозоғистон юк поезди алмашинуви 35 жуфтга етказилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон юк поездлари алмашинувини кунига 35 жуфтга етказиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати маълум қилди.

7 декабр куни Тошкентдаги «Сариоғоч» ўтказиш пунктида икки мамлакат ваколатли идоралари иштирокида кўп томонлама учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Марказий Осиё ва Афғонистон йўналишларига дон юкларини барқарор етказиб беришнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди. Томонлар дон ташишда ҳаракатланиш жадвалини уйғунлаштириш ва юк оқимини оптималлаштириш бўйича якуний фикрга келди.

Келишувга кўра, Ўзбекистон ҳар куни камида 10 та дон ташувчи вагондан иборат поездни ва 5 та озиқ-овқат юки билан келадиган ёпиқ вагон поездини қабул қилади. Бу Қозоғистон ғалласи учун барқарор транзит коридорини шакллантиради ва бозорларга ўз вақтида етказилиш имконини яратади.

Музокарада, шунингдек, вагон айланмаси самарадорлигини ошириш мақсадида юк тушириш инфратузилмасини тўлиқ ишлатиш, кириш йўлларини узлуксиз фаолиятда ушлаш ва байрам ҳамда дам олиш кунлари ҳам ваколатли органларнинг тун-кун ишлашини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Бу чоралар поезд ҳаракатида кечикишлар хавфини кескин камайтириши кутилмоқда.

Томонлар экспорт юкларини режалаштиришда Ўзбекистондаги дон қабул қилувчилар қуввати ва бўш вагонлар айланмаси билан уйғунликни таъминлашга келишиб олдилар. «Ўзбекистон темир йўллари» мазкур келишувлар минтақавий логистика занжирларининг барқарорлигини мустаҳкамлашини ва Қозоғистон ғалласини Ўзбекистон ҳамда халқаро бозорларга ўз вақтида етказиб беришга хизмат қилишини таъкидлади.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми 28,5 миллион тоннани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоиз кўп. Дон ташиш эса 32 фоизга ўсиб, 5,6 миллион тоннага етгани қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид