Logo

Ўзбекистон ва уч қўшни давлат электр энергиясини онлайн сотиш ва сотиб олиш учун ягона платформа яратмоқчи

Бугун 14:253 дақиқа

Бу тизимни ишлаб чиқувчи ва икки йил давомида бошқарувчи халқаро компанияни аниқлаш учун тендер эълон қилинди.

Ўзбекистон ва уч қўшни давлат электр энергиясини онлайн сотиш ва сотиб олиш учун ягона платформа яратмоқчи © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказий Осиёда пилот қисқа муддатли электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва 24 ой давомида юритиш бўйича консалтинг компанияси танлаш учун тендер эълон қилинди. Бу ҳақда «Энергия» Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази (МДМ) расмий баёнотида маълум қилинди.

Марказий Осиёда пилот қисқа муддатли электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича танлов доирасида ушбу бозорни яратиш ва юритиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатадиган компания танланади.

Лойиҳа Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни қамраб олади ҳамда Жаҳон банки молиялаштираётган REMIT — Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори интеграцияси ва савдоси лойиҳаси доирасида (D0247-сонли грант) амалга оширилади.

Лойиҳанинг асосий мақсади тўрт давлат ўртасида пилот электр энергияси бозорининг ишлашини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий келишувлар ва ҳужжатларни тайёрлаш, савдо платформасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, электр энергияси савдоси бўйича ҳисоб-китоб тизимини яратишдан иборат.

Танланган консалтинг компанияси бозорни ишга тушириш учун зарур тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади. Шунингдек, платформа ишга туширилгач, пилот бозор фаолиятини 24 ой давомида хизмат сифатида юритиши кўзда тутилган. Буюртмачи талаб қилган тақдирда, бу муддатни кейинги йилларга узайтириш имконияти ҳам мавжуд.

Тендер ҳужжатига кўра, лойиҳани амалга ошириш 2027 йил май ойида бошланиши кутилмоқда. Шартнома икки босқичда амалга оширилади:

— 1-босқич (жорий этиш): тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун шартнома имзоланган санадан бошлаб 18 ой ажратилади (қатъий белгиланган сумма асосидаги шартнома);
— 2-босқич (бозорни реал режимда бошқариш): пилот бозорнинг амалий фаолиятини юритиш бўйича 24 ойлик хизмат кўрсатиш босқичи (вақтга асосланган шартнома).

Бозорни келгусида янги савдо маҳсулотлари, бошқа иштирокчилар ва давлатлар ҳисобига кенгайтириш имконияти ҳам лойиҳа доирасида назарда тутилган.

Консалинг компанияларидан электр энергияси бозори дизайни, савдо биржалари, савдо ва ҳисоб-китоб платформаларини яратиш ҳамда бозор фаолиятини юритиш бўйича камида 5 йиллик тажриба талаб этилади.

Шунингдек, номзодлар «бир кун олдин» (day-ahead) ёки қисқа муддатли бозорларни лойиҳалаштириш (бозор қоидалари, нарх шаклланиши ва клиринг алгоритми, чегаралараро қувватларни тақсимлаш), савдо ва ҳисоб-китоб платформаларини ишга тушириш ҳамда бозорни хизмат сифатида бошқариш бўйича ўхшаш лойиҳалар тажрибаси ва тегишли техник-бошқарув салоҳиятига эга бўлиши лозим.

Танлов Жаҳон банкининг харид қоидаларида белгиланган сифат ва нархга асосланган танлов (QCBS) усули орқали ўтказилади. Номзодлар ўз қизиқиш билдириш хатларини инглиз тилида тайёрлашлари лозим.

Тендерда қатнашиш учун таклифлар (Expressions of Interest) 2026 йил 30 ноябрь, Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар «Энергия» МДМ Минтақавий лойиҳа офисига (Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 21-уй, РЛО директори Ҳамидулла Шамсиев) шахсан, курьер орқали ёки PDF форматида shamsiev@udc.uz электрон почта манзилига топширилиши лозим.

Теглар

Мавзуга оид