add

Ўзбекистон ЯИМининг учдан бир қисми «яширин иқтисодиёт» ҳиссасига тўғри келмоқда

Ялпи ички маҳсулот ҳажми 9 ойда 1,3 квадрлн сўмдан ошди, шундан 33,3 фоизи — норасмий ва хуфиёна иқтисодиёт ҳиссаси. Хуфиёна сектор улуши камайган бўлса-да, норасмий иқтисодиёт ўсишда давом этмоқда.

Ўзбекистон ЯИМининг учдан бир қисми «яширин иқтисодиёт» ҳиссасига тўғри келмоқда

Ўзбекистонда норасмий ва сояли иқтисодиёт улуши ялпи ички маҳсулотнинг қарийб учдан бир қисмига етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1,3 квадрлн сўм (108,7 млрд АҚШ доллари)дан ошиб, реал ўсиш 7,6 фоизни ташкил этди. Бу 2021 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, пандемиядан кейинги тикланиш босқичидан сўнгги энг тез ўсиш ҳисобланади.

Кузатилмаётган (яъни яширин) иқтисодиёт қиймати 433,7 трлн сўм (36,17 млрд доллар)га етди. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,3 фоизгача ўсди (йил бошида бу кўрсаткич 32,9 фоиз эди).

Норасмий иқтисодиёт — уй хўжаликлари ва якка тартибдаги шахслар фаолиятини қамраб олади ва 333,8 трлн сўм ёки 25,6 фоизни ташкил этди. Хуфиёна иқтисодиёт эса 99,8 трлн сўм (7,7 фоиз)га баҳоланди. Демак, норасмий сектор ўсмоқда, хуфиёна сектор эса бир оз қисқарган.

Энг катта улуш қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик соҳаларига тўғри келиб, умумий яширин иқтисодиётнинг 69,4 фоизини ташкил этмоқда. Кейин хизмат кўрсатиш соҳаси (36,2 фоиз), қурилиш (35 фоиз) ва саноат (10,2 фоиз) келади.

Spot.uz маълумотларига кўра, 2024 йилда яширин иқтисодиёт ҳажми 505 трлн сўм (40 млрд доллар), яъни ЯИМнинг 34,8 фоизини ташкил этган эди. Бош прокуратура ўша йили хуфиёна иқтисодиётдан 16 трлн сўмни бюджетга қайтарган, 15 мингдан ортиқ иш ўрни легаллаштирилган, 9 минг тадбиркор фаолияти расмийлаштирилган.

Сўнгги йилларда давлат органлари бу соҳада рақамли назорат ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Бош прокуратура 2024 йилда Telegram-бот орқали хуфиёна иқтисодиётга оид шикоят ва таклифларни қабул қилишни йўлга қўйган эди.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев ўтган йили Сенатнинг ялпи йиғилишида 2030 йилгача хуфиёна иқтисодиёт ҳажмини икки баравар қисқартириш режалаштирилганини маълум қилган эди. 2025 йилда иқтисодиётни «оқартириш» эвазига давлат бюджети 20 трлн сўмгача қўшимча тушум олиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ЯИМининг учдан бир қисми «яширин иқтисодиёт» ҳиссасига тўғри келмоқда | Vaqt.uz