add

Ўзбекистонда 1 январдан давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий қилинади

05.11.2025 | 16:556011

Суғурта бўйича тўловлар минимал суғурта стажи ва тўлаган бадалига мутаносиб равишда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади.

Ўзбекистонда 1 январдан давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий қилинади

«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–206-сонли президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида хабар берилди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади. Бунда фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан қуйидаги шартларда қамраб олинади:

- мажбурий асосларда – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан миқдори белгиланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан;

- ихтиёрий асосларда – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдоридаги ҳар ойлик суғурта бадалининг энг кам миқдорини тўлаш эвазига.

Фуқароларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар уларнинг минимал суғурта стажи ва тўлаган суғурта бадалига мутаносиб равишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади.

Шунингдек,2026 йилнинг 1 январидан жамғарма орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда 1 июлидан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси проактив шаклда тайинланади ва тўланади.

Бундан ташқари, фуқароларнинг мурожаатлари асосида 2030 йил 1 январдан ишдан бўшатиш нафақаси ҳам Жамғарма орқали тайинланади ва тўланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бепул даволанадиган орфан ва бошқа ирсий-генетик касалликлар тури 5 тадан 10 тага етказилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда 1 январдан давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий қилинади | Vaqt.uz