add

Ўзбекистонда давлат хизматларининг 40 фоизи хусусий секторга ўтади

«Ўзбекистон–2030» стратегиясининг янги таҳририда давлат хизматларини рақамлаштириш ва бозор механизмлари орқали самарадорликни ошириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда давлат хизматларининг 40 фоизи хусусий секторга ўтади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида аҳолига қулай, тезкор ва шаффоф давлат хизматларини йўлга қўйишга қаратилган қатор ташаббуслар белгиланган. Ҳужжатда давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча ҳужжатбозликни қисқартириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.

Ушбу лойиҳага кўра, Ўзбекистоннинг БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида «Топ-30» таликка кириши мақсад қилинган. Шунингдек, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш режалаштирилмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида «Халқ назорати» портали ҳар бир ҳудудда тўлиқ жорий этилади. Шу билан бирга, фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улуши 50 фоизгача етказилади.

Давлат хизматларини янги форматда тақдим этиш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони камида 400 тага етказилиши режалаштирилган. Бу фуқароларга бир нечта хизматни бир вақтнинг ўзида олиш имконини беради.

Рақамлаштириш доирасида мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллиони рақамлаштирилади. «Рақамли ҳукумат» ягона платформасига уланган сервислар сони 700 тага етказилиб, давлат органлари ўртасидаги муносабатлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — давлат хизматларининг 40 фоизини хусусий секторга ўтказиш режаси ҳисобланади. Бу орқали хизматлар бозорида рақобат кучайиб, сифат ва тезкорлик ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 100 тадан ортиқ хизмат кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқартирилиб, 500 га яқин тартиб-таомиллар соддалаштирилади.

Теглар

Мавзуга оид