
Ўзбекистонда электромобиллар оммалашмоқда: иккиламчи бозорда сотувлар кескин ошган
Октябр ойида мамлакатда барча автотранспорт воситалари савдосида фаоллик ортди, электромобиллар сотуви эса энг тез ўсиш қайд этган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг октябрь ойига оид янгиланган таҳлили Ўзбекистон автомобил бозорида барқарор тикланиш ва савдо фаоллигининг янада кучайганини кўрсатмоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, бир ойлик кўрсаткичлар барча йўналишларда ижобий динамикани намоён этган.
Ўтган ой якунида мамлакат бўйича автотранспорт воситалари савдоси 112,5 минг донага етди. Бу сентябрга нисбатан 11 фоиз юқори кўрсаткич бўлиб, бор-йўғи бир ой ичида бозордаги талаб сезиларли ошганини англатади.
Энг катта улушни эгаллаган енгил автомобиллар сегментида савдолар 12,7 фоизга кўпайиб, 95,4 минг донани ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида Наманган, Жиззах ва Бухоро вилоятларида энг юқори ўсиш қайд этилган – бу ерларда савдо ҳажми 20 фоиздан ортиқ ошган. Шу билан бирга, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида фаоллик бироз пасайгани маълум қилинган.
Бирламчи бозорда енгил автомобиль сотуви қарийб 19 фоизга ўсган. Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар тоифасида савдо 33,4 минг донага етиб, бир ойда 22 фоиз ўсиш қайд этиган.
Янги хорижий автомобиллар бозори эса 1,1 фоизлик мўътадил ўсиш билан 4,5 минг дона сотувга эришган.
Энг сезиларли натижа иккиламчи бозорда кузатилган. Ушбу сегментда енгил автомобиллар савдоси 9 фоизга ошиб, 57,4 минг донани ташкил қилган. Айниқса электромобилларга бўлган талаб кескин кучайиб, уларнинг иккиламчи бозордаги сотуви 3 минг донадан ошиб, ойлик ҳисобда 15,2 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар юқори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонга 16 та хорижий давлатдан электромобиллар импорт қилинганлиги ҳақида хабар берган эдик.





