add

Ўзбекистонда инфляцион кутилмалар рекорд даражада пасайди

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари октабр ойи якунида илк бор 12 фоиздан паст кўрсаткичга тушди.

Ўзбекистонда инфляцион кутилмалар рекорд даражада пасайди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки октабр ойи якунлари бўйича аҳоли ва бизнес субъектларининг инфляцион кутилмаларига оид ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот натижаларига кўра, мамлакатда инфляцион кутилмалар барқарор пасайиш тенденциясини намоён этди.

Аҳоли ўртасида инфляцион кутилмалар 11,7 фоизга, бизнес вакиллари орасида эса 11,1 фоизга тушган. Бу Марказий банк мазкур сўровларни ўтказа бошлаганидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Шу билан бирга, аҳоли қатламлари кесимида кутилмалар фарқли бўлган. Масалан, ойлик даромади 20–30 миллион сўм бўлган фуқароларда инфляцион хавотирлар 19 фоизгача ўсган бўлса, даромади 4 миллион сўмдан кам бўлган гуруҳларда кутилмалар ўртачадан паст даражада қолган.

Бизнес субъектлари орасидаги кутилмалар ҳам 0,6 бандига пасайиб, 11,1 фоизни ташкил этган. Сўровда жами 3 431 нафар респондент иштирок этган бўлиб, улар келгусида нархлар ўсишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар сифатида ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши ҳамда монополия ҳолатларини қайд этган. Шу билан бирга, иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши кутилмалари қисқарган.

Соҳалар кесимида аҳоли орасида маиший хизматлар ва савдо соҳаларида инфляцион кутилмалар юқори бўлган, энг паст кўрсаткич эса пенсионерлар қатламида кузатилган. Бизнес субъектлари ичида маданият ва санъат соҳасида кутилмалар юқори, қишлоқ хўжалигида эса нисбатан паст даражада қайд этилган.

Ҳудудлар бўйича Тошкент шаҳри аҳолиси инфляция хавотирини энг юқори баҳолаган бўлса, Фарғона вилоятида бу кўрсаткич энг паст бўлган. Бизнес доирасида эса Хоразм вилоятида кутилмалар юқори, Наманганда энг паст даража қайд этилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, октабр ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўртача 12,4 фоизни ташкил этди ва сентабрга нисбатан ўзгаришсиз қолди. Респондентлар асосан гўшт, сут маҳсулотлари, ёқилғи, дори воситалари ҳамда таълим хизматларида нарх ошишини ҳис қилган.

Эслатиб ўтамиз, йиллик инфляция октабр ойида 2016 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушган эди. Аммо озиқ-овқат нархлари, транспорт хизматлари, бензин ва пропан сезиларли қимматлашди, палов нархи эса деярли ҳамма ҳудудда 100 минг сўмдан ошган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда инфляцион кутилмалар рекорд даражада пасайди | Vaqt.uz