Logo

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг суд ишларига аралашганлиги учун 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланади

Бугун 15:512 дақиқа

12-сентабрдан кучга кирган қонун билан судьяга ноқонуний таъсир ўтказиш учун жиноий жавобгарлик аниқлаштирилди. Суд биносида тартибни бузиш ёки раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслик учун ҳам жарима белгиланди.

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг суд ишларига аралашганлиги учун 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланади © crypto.runfyers.com

Ўзбекистонда суд ишларига аралашганлик ва судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Тегишли қонун 12-сентабрдан кучга кирди.

Ҳужжат билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Суд ишларига ноқонуний таъсир ўтказиш

Жиноят кодексининг 236-моддаси — тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш бўйича норма янги таҳрирда баён этилди.

Унга кўра, тергов қилишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш:

●     3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

●     1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;

●     ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Судьяга таъсир ўтказганлик учун жазо

Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёки адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёхуд қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга ёки халқ маслаҳатчисига қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказиш ҳам худди шундай жазога сабаб бўлади.

Бундай қилмиш учун 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Агар ушбу ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, у муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Суд биносида тартибни бузганлик учун жарима

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига — судга ҳурматсизлик қилиш бўйича моддага ҳам қўшимча киритилди.

Унга кўра, гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлаши, раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслиги ёки суд мажлиси вақтида ёхуд суд биносида тартибни бузиши судга ҳурматсизлик деб баҳоланади.

Бундай ҳолат учун БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 24-февралда қабул қилиниб, Сенат томонидан 19-майда маъқулланган.

Аввалроқ маъмурий суд ишларида ҳам мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилганди. Хусусан, узрли сабабсиз суд мажлисига келмаган мансабдор шахсга суд жаримаси қўлланиши мумкинлиги белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид