add

Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати 8 йилда қарийб 50 фоизга ўсган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2017–2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 48,1 фоизга ошган.

Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати 8 йилда қарийб 50 фоизга ўсган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) тақдим этган инфографикада Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатининг сўнгги 8 йилдаги ривожланиш тенденциялари акс эттирилган. Маълумотларга кўра, соҳа ҳажми, инвестициялар, иш ўринлари ва экспорт кўрсаткичлари бўйича барқарор ўсиш қайд этилган.

Бу ўсишга тармоққа йўналтирилаётган инвестициялар муҳим роль ўйнаган. 2017 йилда озиқ-овқат соҳасига 231 миллион доллар сармоя киритилган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 674 миллион долларга етган.

Марказ маълумотларига кўра, озиқ-овқат саноати миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айланган. 2017–2024 йиллар давомида соҳада бандлик даражаси 107,2 фоизга, фаолият юритаётган корхоналар сони эса 110 фоизга ошган. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 3,8 баробарга кўпайган.

Айрим маҳсулотлар бўйича ҳам ижобий динамика кузатилган. Жумладан, буғдой уни ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 2,6 миллион тоннадан 2024 йилда 3,3 миллион тоннага етган.

Сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли ўсиб, 2024 йилда 673,2 минг тоннага тенг бўлган. Шу билан бирга, шакар ишлаб чиқариш деярли барқарор ҳолатда қолган — 473,3 минг тоннадан 474,4 минг тоннага.

ИТИМ таъкидлашича, мазкур ўсиш кўрсаткичлари тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати 8 йилда қарийб 50 фоизга ўсган | Vaqt.uz