
Ўзбекистонда қанча тижорат ташкилотлари фаолият юритаётгани маълум бўлди
Мамлакатда фаолият юритаётган тижорат ташкилотларининг қарийб тўртдан уч қисми масъулияти чекланган жамиятлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2025 йилнинг 1 декабр ҳолатига Ўзбекистонда жами 405,5 мингта тижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг катта қисми — 318,3 мингтаси масъулияти чекланган жамиятлар ҳисобланади. Бу кўрсаткич умумий корхоналар сонининг 78,5 фоизини ташкил этиб, мамлакатда бизнес юритишда айнан шу ташкилий-ҳуқуқий шакл устун эканини кўрсатади.
МЧЖ шаклининг оммалашуви, аввало, тадбиркорлар учун унинг қулайлиги ва нисбатан кам рискли механизм экани билан изоҳланади. Масъулиятнинг чеклангани, бошқарув тизимининг соддалиги ҳамда таъсисчилар учун молиявий мажбуриятларнинг аниқ белгиланиши бу шаклни кичик ва ўрта бизнес вакиллари орасида энг мақбул вариантга айлантирган.
Ташкилий-ҳуқуқий шакллар кесимида иккинчи ўринда 47 мингга яқин хусусий корхоналар турибди. Уларнинг улуши 11,6 фоизни ташкил этади. Бу эса якка тартибда ёки маҳдуд доирада бизнес юритишни афзал кўрадиган тадбиркорлар сони ҳам сезиларли эканини кўрсатади.
Оилавий корхоналар сони 36,3 мингтага яқин бўлиб, умумий кўрсаткичнинг 8,9 фоизига тенг. Бу турдаги корхоналар, асосан, хизмат кўрсатиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаол. Улар аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий даромад манбаларини барқарорлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Акциядорлик жамиятлари эса мамлакатда нисбатан кам учрайди. Уларнинг сони 639 тани ташкил этиб, улуши атиги 0,2 фоизга тенг. Қолган 0,8 фоиз турли бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга тўғри келади. Бу маълумотлар Ўзбекистонда бизнес муҳитида кичик ва ўрта тадбиркорлик етакчи ўрин тутаётганини яққол намоён этади.





