
Ўзбекистонда Škoda поездларини йиғиш йўлга қўйилади
Брюсселдаги музокараларда Škoda Group Ўзбекистонда поезд йиғиш, хизмат кўрсатиш ва кадрлар тайёрлашни ўз ичига олган қўшма корхона тузиш режасини эълон қилди.

Европанинг етакчи транспорт инжиниринг компанияларидан бири — Škoda Group Ўзбекистонда поездлар йиғиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича стратегик режасини тақдим этди. Бу ҳақда компаниянинг расмий баёнотида маълум қилинди.
Лойиҳа доирасида мамлакатда темирйўл транспорт воситаларини маҳаллий шароитда йиғиш, уларнинг бутун фойдаланиш даври мобайнида сервис хизматини амалга ошириш ҳамда маҳаллий мутахассислар учун Škoda академияси ташкил этиш назарда тутилган. Ушбу ташаббус махсус қўшма корхона орқали амалга оширилади.
Škoda Group бош директори Петр Новотнийнинг таъкидлашича, Марказий Осиё компаниянинг узоқ муддатли стратегиясида муҳим ўрин тутади. Унинг сўзларига кўра, Европа технологиялари ва тажрибаси Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасининг барқарор ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
«Биз Ўзбекистонни европалик инвесторлар учун очилаётган муҳим ҳамкор деб биламиз. Лойиҳаларимиз нафақат транспорт соҳасини, балки таълим ва технологик модернизацияни ҳам ривожлантиришга ҳисса қўшади», — деди Новотний.
Музокаралар доирасида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳам Škoda Group вакиллари билан икки томонлама суҳбат ўтказган. Томонлар темирйўл ва шаҳар транспорти бўйича амалий ҳамкорлик қадамларини муҳокама қилган. Президент Шавкат Мирзиёев компаниянинг Европа технологияларини мамлакатда жорий этишдаги фаоллигини юқори баҳолади ҳамда унинг Ўзбекистондаги узоқ муддатли фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Учрашувда Škoda Group номидан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича савдо вице-президенти Роман Соркин ҳам иштирок этди. У Европа Комиссияси ва Европа инвестиция банки билан ҳамкорликда лойиҳани илгари суришда фаол иштирок этиб келмоқда.
Музокаралар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими доирасида ўтди. Бу ҳужжат инвестициялар, транспорт ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиб, Европа инвестиция банки ва ЕИ Комиссиясининг «Global Gateway» ташаббусини амалга оширишга замин яратади.





