Ўзбекистонда тўққиз ойда 123,4 мингта ўлим ҳолати қайд этилди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўлим ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,7 фоизга камайди. Вафот этганларнинг 55,5 фоизини эркаклар ташкил этди.
© yandexmapsЎзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 123,4 мингта ўлим ҳолати қайд этилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 мингтага кам. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 27 октябрда эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Ўлим ҳолатлари камайди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатда 132,2 мингта ўлим ҳолати қайд этилган. Жорий йилда кўрсаткич қарийб 6,7 фоизга пасайган. Ўлим коэффициенти 4,2 промиллени ташкил қилган.
Сўнгги беш йилнинг январь–сентябрь ойларидаги кўрсаткичлар қуйидагича:
2022 йил — 130,2 минг;
2023 йил — 129,7 минг;
2024 йил — 131,7 минг;
2025 йил — 132,2 минг;
2026 йил — 123,4 минг.
Шундай қилиб, жорий йилнинг тўққиз ойида қайд этилган ўлим ҳолатлари ушбу давр учун сўнгги беш йилдаги энг паст кўрсаткич бўлди.
Эркаклар улуши юқори
Ҳисоботга кўра, вафот этганларнинг 68,5 минг нафари эркаклар, 54,9 минг нафари аёллар ҳиссасига тўғри келган. Бу жами ўлим ҳолатларининг мос равишда 55,5 ва 44,5 фоизини ташкил этади.
Яшаш жойи бўйича эса ўлим ҳолатларининг 53,2 фоизи шаҳарларда, 46,8 фоизи қишлоқларда қайд этилган. Абсолют ҳисобда шаҳар аҳолиси орасида 65,7 минг, қишлоқ аҳолиси орасида 57,7 мингта ўлим ҳолати кузатилган.
Туғилиш ҳам камайган
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 638,6 минг нафар бола тирик туғилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 минг нафарга кам.
Туғилиш ва ўлим кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ асосида ҳисобланган аҳолининг табиий ўсиши 515,2 минг кишини ташкил этган.





