add

Ўзбекистонда йил бошидан бери 7 миллиондан ортиқ пиротехника мусодара қилинди

Бугун 16:351991 дақиқа

2025 йил бошидан буён Ўзбекистон божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан умумий қиймати 2,3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган пиротехника буюмлари олиб қўйилган.

Ўзбекистонда йил бошидан бери 7 миллиондан ортиқ пиротехника мусодара қилинди

2025 йил давомида ўтказилган тезкор тадбирлар ва назорат жараёнлари натижасида божхона органлари жами 119 та ҳолатда пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ушлаб қолинган пиротехника воситаларининг умумий сони 7,25 миллион донадан ошиб, уларнинг қиймати 2,3 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Аниқланган ҳолатларнинг 10 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, 80 та ҳолатда эса маъмурий ишлар юритилган.

Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган барча пиротехника буюмлари хавфсизлик талабларига мувофиқ равишда вақтинча сақлаш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармаларига топширилган. Қайд этилишича, жорий йилда ҳам Божхона қўмитаси ФВВ билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик иштирокида пиротехника воситаларини йўқ қилиш бўйича махсус тадбир ўтказишни режалаштирмоқда.

Божхона қўмитаси фуқароларни пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига доир ҳолатларга дуч келганда, кечаю кундуз ишлайдиган 1108 қисқа рақамли ишонч телефони орқали хабар беришга чақирди.

Маълумот ўрнида, хавфлиликнинг II классига кирувчи маиший пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, олиб кириш, сақлаш ва фойдаланиш қонун билан тақиқланган. Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар учун БҲМнинг 50 бараваригача маъмурий жарима, оғир ҳолатларда эса жиноий жавобгарлик белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид