Ўзбекистондаги банк депозитларининг қарийб 77 фоизи Тошкент шаҳрида жамланган
Айни пайтда, пойтахтдан ташқари ҳудудларда кредит портфели депозитларга нисбатан анча юқори бўлиб, жами кредитлар 333,6 трлн сўмни, депозитлар эса 101,6 трлн сўмни ташкил этган.
© Foto: spot.uzЎзбекистон банк тизимида депозитлар ҳудудлар кесимида кескин номутаносиб тақсимланган. 2026-йил 1-апрель ҳолатига банклардаги жами депозитлар 433,9 трлн сўмга етган бўлса, унинг 332,3 трлн сўми Тошкент шаҳрида жамланган.
Бу жами депозитларнинг 76,6 фоизи дегани. Бошқача айтганда, банк тизимидаги ҳар 100 минг сўмлик депозитнинг қарийб 77 минг сўми пойтахт ҳиссасига тўғри келмоқда.
Қолган ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 та вилоят биргаликда 101,6 трлн сўмлик депозитга эга. Яъни Тошкент шаҳридаги депозитлар қолган барча ҳудудлар жамидан 3,3 баравар кўп.
Энг катта фарқ юридик шахслар депозитида кўринади. Банк тизимидаги корпоратив депозитлар 268 трлн сўмни ташкил қилган. Шундан 238,4 трлн сўми Тошкент шаҳрига тўғри келади. Бу юридик шахслар депозитларининг 89 фоизи пойтахтда жамланганини англатади.
Аҳоли омонатларида ҳам Тошкент етакчи, лекин фарқ нисбатан пастроқ. Жисмоний шахслар депозитлари жами 165,9 трлн сўм бўлиб, шундан 93,9 трлн сўми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Бу аҳолига тегишли омонатларнинг 56,6 фоизи демакдир.
Кредитлар бўйича вазият қандай?
Кредитлар бўйича эса манзара бошқачароқ. Банк тизимидаги жами кредит портфели 623,3 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 289,6 трлн сўми ёки 46,5 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Яъни депозитларда Тошкентнинг улуши 76,6 фоиз бўлса, кредитларда бу кўрсаткич 46,5 фоиз атрофида. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитларда эса Тошкент улуши 29,9 фоиз атрофида. Бу аҳолига берилган кредитларнинг катта қисми ҳудудларга тўғри келаётганини кўрсатади.
Тошкент шаҳрида депозитлар ҳажми кредит портфелидан ҳам юқори. Пойтахт банкларида 332,3 трлн сўмлик депозит мавжуд бўлса, кредит портфели 289,6 трлн сўмни ташкил қилган. Яъни Тошкентда депозитлар кредитлардан 42,7 трлн сўмга кўп.
Ҳудудларда эса аксинча ҳолат кузатилади. Тошкентдан ташқари барча ҳудудларда жами кредит портфели 333,6 трлн сўм бўлса, депозитлар 101,6 трлн сўмни ташкил қилган. Бу ҳудудларда кредитлар депозитлардан 232 трлн сўмга кўп эканини кўрсатади.
Тошкентдан кейин депозитлар ҳажми бўйича Самарқанд вилояти 12,6 трлн сўм, Бухоро вилояти 11,5 трлн сўм ва Хоразм вилояти 11,4 трлн сўм билан юқори ўринларда турибди. Энг паст кўрсаткичлар эса Сирдарё — 2 трлн сўм, Жиззах — 3,4 трлн сўм ва Наманган — 4,3 трлн сўм ҳиссасига тўғри келган.
Кредитларнинг депозитларга нисбати бўйича энг катта тафовут Сирдарё вилоятида кузатилган. Вилоятда кредит портфели 19,5 трлн сўм, депозитлар эса 2 трлн сўмни ташкил қилган.
Яъни кредитлар депозитлардан 9,6 баравар юқори. Кейинги ўринларда Жиззах — 5,9 баравар, Наманган — 5,2 баравар, Фарғона — 4,4 баравар ва Сурхондарё — 4 баравар кўрсаткич билан турибди.
Теглар






