Ўзбекистонликлар 2 хонали уй сотиб олиш учун қанча ишлаш керак?
Самарқанд вилоятида 2 хонали уй сотиб олиш учун деярли 10 йиллик даромадни тўлиқ йиғиш талаб этилади. Уй нархлари ва аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовут ҳудудлар кесимида сезиларли фарқ қилмоқда. Батафсил:

Кўпчилик учун шахсий уйга эга бўлиш ҳаётидаги асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда уйлар нархи қимматлагани фонида бунга эришиш бироз қийинлашиб бормоқда.
Vaqt.uz Ўзбекистон ҳудудларида уй сотиб олиш учун қанча вақт ишлаш кераклиги ҳақида инфографика тайёрлади. Бунинг учун очиқ манбалардаги маълумотлардан фойдаланилди ва уларга қайта ишлов берилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, айрим ҳудудларда 2 хонали уй сотиб олиш учун 10 йиллик даромадни тўлиқ йиғиш талаб этилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳудудлардаги уйлар нархи бўйича ойлик маълумотлар бериб боради. 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳудудларида уйларнинг ўртача нархи қуйидагича бўлди.

Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида уйлар нархи бошқа ҳудудларга нисбатан юқори шаклланаётган бўлса, Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистонда нарх энг паст даражада.
Қанча муддатда уй сотиб олиш аҳоли даромадларига тўғридан-тўғри боғлиқ. Шу сабаб Миллий Статистика қўмитаси тақдим қилган ҳудудлар бўйича ўртача расмий ойлик даромадлар тўғрисидаги маълумотлар ҳисоб-китобда керак бўлади.

2025 йил давомида Тошкент шаҳрида ўртача ойлик даромад кўпроқ бўлди — 10,8 млн сўм. Кейинги ўринларда Навоий ва Тошкент вилоятлари бормоқда. Энг кам расмий ойлик маошлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида.
Ҳудудларда уй сотиб олишга қанча вақт кетишини ҳисоблаш учун барча ҳудудга стандард қилиб бир хил — 55 кв метр майдонга эга 2 хонали уй танлаб олинди.
Натижалар қандай бўлди?

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда уй олиш энг қийин бўлган ҳудуд — Самарқанд вилояти. Бу ерда уйларнинг нархи қиммат, лекин расмий даромадлар мамлакат бўйича кўрсаткичлардан пастроқ.
Шу сабабли Самарқанд вилояти ўртача расмий даромад билан уй сотиб олиш учун 117 ойдан ошиқ вақт керак бўлади. Бу Тошкент шаҳридан қарийб 2 баробар юқори. Кучли учликдан Наманган (82,5 ой) ва Сурхондарё (82 ой) вилоятлари жой олди.
Пойтахтдан уй сотиб олиш учун деярли 70 ойлик ўртача расмий ойлик даромад йиғилиши керак. Бу Ўзбекистондаги 6 та ҳудудга нисбатан пастроқ кўрсаткич.
Тошкент шаҳрида уйлар нархи қиммат бўлсада, даромадлар ҳам мамлакат бўйича энг юқори ҳисобланади.
Кўриб чиқилаётган ҳисоблар бўйича уй олиш учун энг арзон ҳудуд Қорақалпоғистон бўлди. Бу ерда ўртача расмий маош юқори эмас, бироқ нархлар энг паст бўлгани учун мазкур ҳолат кузатилмоқда.
Муҳим: ҳисоб-китобларда фақат расмий даромад инобатга олинган. Самарқанд вилояти каби мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида хорижий пул ўтказмалари орқали келиб тушадиган даромадлар ҳам салмоқли аҳамиятга эга.
Натижалар ҳам нисбий ҳисобланган. Кимдир уй олиш учун даромадининг 50 фоизини йиға олса, бошқалар 20-30 фоизини йиғади. Табиийки, уй олиш муддати кўрсатилган муддатлардан кўпроқ бўлади.
Бу эса кўпчилик учун уй сотиб олиш анчагина узоқ муддатли молиявий мақсадга айланиб бораётганини кўрсатади.
Теглар






