Logo

Ўзбекистонликлар ярим йилда тиббий хизматлар учун 11,3 трлн сўм сарфлади

Бугун 17:201 дақиқа

2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 17 фоизга ошди.

Ўзбекистонликлар ярим йилда тиббий хизматлар учун 11,3 трлн сўм сарфлади

2026-йил январ—июн ойларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,8 фоизга ўсиб, 11,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Статистикага кўра, соғлиқни сақлаш хизматлари таркибида энг катта улуш — 53,7 фоиз бошқа турдаги тиббий хизматларга тўғри келган. Шунингдек, шифохоналар хизматлари 31,8 фоизни, тиббий амалиёт ва стоматология хизматлари эса 14,5 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар етакчилиги

Ҳудудлар кесимида энг катта хизматлар ҳажми Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ярим йил давомида 5,2 триллион сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилган.

Иккинчи ўринни Тошкент вилояти 1,1 триллион сўм билан эгаллаган бўлса, Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 830,2 миллиард сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида 675,4 миллиард сўмлик, Наманганда 550,4 миллиард сўмлик, Андижонда эса 507,2 миллиард сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилган.

Бухоро вилоятида соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми 392,3 миллиард сўм, Хоразмда 390,9 миллиард сўм, Қашқадарёда 360,4 миллиард сўм ва Қорақалпоғистонда 335,5 миллиард сўмни ташкил этди.

Энг паст кўрсаткичлар эса Сурхондарё (262 миллиард сўм), Жиззах (251,5 миллиард сўм), Сирдарё (203,2 миллиард сўм) ҳамда Навоий вилоятида (193,1 миллиард сўм) қайд этилди.

Маълумот учун, 2025-йилда аҳоли тиббий хизматларга салкам 20 трлн сўм сарфлаганди.

Теглар

Мавзуга оид